Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 485 миллион долларлик товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Бу кўрсаткич ўтган 2020 йилнинг шу даврида 346 миллион долларни ташкил этиб, мос равишда 139 миллион долларга ёки 40,1 фоизга кўп демакдир.
Маҳсулотларнинг экспорти 58 та давлатга амалга оширилди. Вилоятнинг асосий экспортёр давлатлари ҳисобланган Россия, Хитой, Қирғизистон ва Туркияга жами экспортнинг 65 фоизига тенг бўлган 315,2 миллион долларлик товар экспорт қилинди.
Ҳисобот даврида экспорт қилинган товарларнинг 339 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 146 миллион доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Мева-сабзавот маҳсулотлари жами 27 та давлатга, асосан Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украинага экспорт қилинди.
Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган ип-калава, тўқимачилик маҳсулотлари, керамика буюмлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва оёқ кийимлар каби товарларга хорижда талабнинг ортиши натижасида мос равишда ушбу товарларнинг экспорт ҳажми ҳам ўртача ҳисобда 43,5 фоизга ўсганини кўришимиз мумкин.
Ҳисобот даврида экспорт фаолияти билан шуғулланган тадбиркорлик субъектларининг сони 583 тани ташкил этди. Мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватланаётганлиги ва экспортёр корхоналарга берилаётган имтиёзлар сабаб 2020 йилнинг мос даврига нисбатан экспортёр тадбиркорлар сони 52 нафарга кўпайган.
М. Сулаймонов, ЎзА