Фарғона шаҳрини энг обод ва намунали ҳудудга айлантириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Президентимиз топшириғи асосида биргина Шодиёна маҳалласида бошланган бунёдкорлик ишлари бугун қизғин паллага кирган. Бу ернинг нафақат қиёфаси янгиланмоқда, балки аҳолининг турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш масалалари ҳам ижобий ечимини топмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ҳар ҳафталик иш режасидан шаҳарнинг маҳаллаларини ўрганиш, аҳоли билан мулоқот қилиш ўрин олгани бежиз эмас. Чунки мазкур “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали ҳар бир маҳалла бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиляпти, муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Қуруқ ваъдаларда эмас, амалий ишлардаги натижалар аҳолининг кайфиятини кўтаряпти. Буни уларнинг дил сўзларидан яққол билиш мумкин.
Бу гал вилоят раҳбари Қиргули мавзесидаги маҳаллаларда бўлди, ҳудудни ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
“Меҳрибонлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шифокорлар кўчасида ободончилик ишлари қониқарсиз ҳолатда. Кўп қаватли уйлар олдидаги ер майдонлари қаровсиз бўлиб, болалар ўйингоҳлари йўқ. Вилоят ҳокими ҳолатни ўнглаш, манзарали дарахт ва гуллар экиш, кўп қаватли уйлар олдига ўриндиқлар ўрнатиш, болалар майдончаларини қуриш, ердан самарали фойдаланиш бўйича вилоят ва шаҳар мутасаддиларига кўрсатмалар берди. Шаҳар прокурори бир ойлик муддатда ҳудудни намунавий ҳолатга келтириш, обод қилиш бўйича топшириқ олди.
“Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Нафосат кўчасида яшовчи аҳоли билан мулоқот чоғида бу ерда яшовчилар иссиқлик таъминоти тизими йўқлиги, шунингдек, хонадонларни расмийлаштиришда муаммоларга дуч келаётганликларини айтди. Ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, масалалар қонун доирасида ҳал этилиши белгиланди.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасида 22 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. Қурувчилар билан суҳбат чоғида ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини Ёруғлик кўчасида ўтказилган мулоқотда аҳоли томонидан йўлларни асфальт қилишда кўмак бериш, телефон тармоғи тортиш, йўлга ёритгичлар қўйиш, маҳаллада тўпланиб қолаётган чиқиндиларни олиб чиқиб кетилишини тизимлаштириш, томорқаларда фойдаланиш учун сув таъминотини йўлга қўйиш каби масалалар ўртага ташланди.
Шаҳар ҳокими ва маҳалла фаоллари иштирокида уларни ҳал этиш чора-тадбирлари шу ернинг ўзида биргаликда белгиланди. Канализация муаммоси ижтимоий шериклик асосида, вилоят ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилиб, аҳоли иштирокида ҳашар йўли билан бартараф этиладиган бўлди.
– Дарахтлар, гулларни кўпайтириш, хиёбонлар ташкил этиш, аҳоли дам олиши учун имконият яратишимиз керак, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
– Кўп қаватли уйлар орасидаги бўш ерларга ҳам турли сабзавотлар экиб, мевали кўчатлар ўтказиб, даромад олишни ўргатишимиз, маҳаллаларда юриб, раислар фаолиятини назорат қилиб, уларга кўмак беришимиз зарур. Фарғонада ечимини топмаган муаммо, обод бўлмаган ҳудуд қолмаслиги керак. Асосий мақсадимиз шу.
“Ал-Хоразмий” маҳалласида кўп қаватли уйларнинг том қисмида, канализация тармоқларида ечимини кутаётган муаммолар бор. Ободончилик ишлари яхши эмас. Бу ерда бўлган вилоят ҳокими ҳудудда дарахтлар ва гулларни кўпайтириш, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, болалар майдончасини қуриш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини Бахт кўчасидаги 2 қаватли барак уйларда яшовчи аҳоли вакиллари уйлар 1957 йилда қурилганлиги, эски биноларда кўплаб муаммолар борлигини маълум қилди. Вилоят ҳокими бу ерда истиқомат қилаётганлар билан келишилиб, янги замонавий уйлар қурилишини, хонадон эгаларига майдони эски уйларидан кам бўлмаслиги шарти билан шу ерда қуриладиган янги бинодан хонадон берилишини қайд этди.
Фарғона шаҳри маҳаллалари бўйлаб ўрганишлар давомида шаҳарнинг “Лолазор”, “А.Жомий”, “Тўқимачилар”, “Жўйдам” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги сув йўллари, ариқ ва лотокларнинг созлигига эътибор қаратилди. Ҳар бир кўчадан ўтган сув йўлларига лотокларни ўрнатиш топшириғи берилди. Бундан ташқари, кўп қаватли уй-жойларнинг атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, дарахтлар, гулларни кўпайтириш, уйлар орасидаги бўш ерлардан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тўқимачилар маҳалласи Саид Аҳмад кўчасида жойлашган 4 қаватли ётоқхонада яшаётган фуқаролар яшаш шароитлари билан ҳам танишилиб, фуқаролар мурожаатлари тингланди. Шаҳар ҳокимига ишчи гуруҳ тузиб, ушбу ётоқхонада яшовчи фуқаролар муаммоларини аниқлаш ва қонуний ҳал этиш топширилди.
Шу кўчада яшовчиларнинг болалар ўйингоҳи ўрнида кўп қаватли уй қурилиши бошлангани бўйича мурожаати жойида ҳал этилиб, қурилишни тўхтатиш, котлаванларни кўмиб ташлаб, ўйингоҳни тиклаш бўйича мутасаддилар топшириқ олди.
М. Сулаймонов, ЎзА