Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Дўстлик уйи очилди
10:55 / 2022-11-18

Фарғона шаҳри Қиргули мавзесида “Дўстлик уйи” нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги немис, славян, яҳудий, татар, қирғиз, корейс, тожик, турк миллий маданият марказлари ҳамда вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Миллатлараро дўстлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг асосий тамойилларидан биридир. Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан миллий маданият марказларига, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор кўрсатилаётгани, бугун фойдаланишга топширилган Дўстлик уйи ҳам ушбу юксак эътиборнинг намунаси экани қайд этилди.

Вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 3,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб реконструкция қилинган, кўркам ва замонавий қиёфага эга бўлган собиқ “Нефтчи” маданият саройи биноси эндиликда турли миллат ва элат вакиллари учун ҳақиқий дўстлик масканига айланди. Бу ерда вилоятдаги 8 та миллий маданият марказларига алоҳида хоналар ажратилди, тўгараклар ўтиш ва турли тадбирлар ташкил этиш учун концерт зали замонавий кўринишга келтирилди. 4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Фарғонада турли миллат ва элатлар “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу шиор билан дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечираётгани, барча бирдек юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.

[gallery-9627]

Фарғона вилоятида 228 минг нафардан зиёд тожиклар, 77 минг нафардан ортиқ қирғизлар, 41 минг нафар руслар, 5,6 минг нафар корейслар, 4,8 минг нафар украинлар, 2 минг нафар татарлар ва 42 минг нафар яҳудий, турк, немис каби бошқа миллатлар вакиллари тинч-тотув истиқомат қилмоқда. Шунингдек, 8 та – яъни рус, тожик, татар, немис, қирғиз, яҳудий, корейс ва турк миллий маданий марказлари, 202 та исломий ва 15 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бормоқда.  

Юртимизда ўзини ўзбекистонликман деб ҳисоблаган ҳар бир киши учун эркин яшаш, меҳнат қилиш, таълим олиш, миллий ва диний урф-одатларини бажо келтириш имкониятлари тўлиқ яратиб берилган. Шу маънода тадбирда ягона Ватан туйғусини асраб-авайлаш, ёш авлодни мана шу руҳда камол топтириш борасида самарали фаолият олиб бораётган миллий маданият марказларнинг раҳбарлари Галина Акопджанова, Семен Абдурахмонов, Виктор Лян, Валентина Миллер, Альбина Каримова, Нортожи Халибаева, Тоҳир Кападзе, Маъсуджон Мирзоев ва бошқа фидойиларни номлари ҳурмат билан тилга олинди.

Меҳмонлар бинода миллий маданият марказлари учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Турли миллатларнинг миллий анъана ва қадриятларини ўзида намоён этган куй-қўшиқлар ва рақслардан иборат концерт дастури тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.  

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.  

 

 

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган сурат