Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди
19:13 / 2021-02-09

Мамлакатимизда давом этаётган “Фаол фуқаролар” умуммиллий фестивали доирасида Фарғона давлат университетида “Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази” очилди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда тинчлик ва бағрикенглик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп томонлама трансчегаравий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга, тотувлик ва ҳамжиҳатликни кенгайтириш, радикаллашувнинг олдини олиш, чегарадош ҳудудларда маҳаллий фуқаролик жамияти салоҳиятини ошириш кабиларга қаратилган.

Лойиҳа Конрад Аденауэр жамғармаси бошчилигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), "БИОМ" Экологик ҳаракати (Қирғизистон) ва “Гендер ва тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда. Чегараолди минтақалардаги учта университетда Бағрикенглик марказларини очиш режалаштирилган. Фарғонада илк бор ташкил қилинган марказ фаолият кўрсатишни бошлади.

– Кейинги тўрт йилда Президентимиз ташаббуси билан қўшни давлатлар билан мустаҳкам дўстлик алоқалари йўлга қўйилди, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Мулоқотга ёшларни кенгроқ жалб этиш мақсадида “Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази” ташкил этилди. Лойиҳа доирасида қирқдан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Уларнинг аудиториясини ёшлар ташкил этиши ҳам яқин қўшничилик алоқаларида катта аҳамиятга эга. Марказ ёшларга фикр алмашиш платформасини яратиб беради.

Ёшлар вакиллари билан бағрикенглик, тотувлик борасида мунозаралар ўтказилди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА