French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада дўстлик фестивали шодиёналари
11:47 / 2022-08-04

Фарғона вилоятида ўзбек, тожик, қирғиз, рус, корейс ва кўплаб бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек яшаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жорий қилинган “Халқлар дўстлиги куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлар, мулоқотлар уларни ягона мақсад сари бирлаштирмоқда.  

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройида ташкил этилган дўстлик фестивали ҳам бунинг яққол исботи дейиш мумкин. Фестивалга ташриф буюрган меҳмонлар дастлаб вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар томонидан очиқ майдонда ташкил этилган кўргазма билан танишди. 

[gallery-8149]

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Хайрулло Бозоров барча йиғилганларни дўстлик куни билан қутлади. Дўстлик дунёдаги энг улуғ, катта аҳамият касб этгувчи қадриятлардан эканини қайд этган вилоят раҳбари қалбларни, миллатларни, халқларни бирлаштирувчи, ягона ҳаракат учун ҳаммани олдинга чорловчи туйғу бўлган дўстлик ва бағрикенглик давлатимиз сиёсатининг асосий принципларидан бири эканига эътибор қаратди.  

Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган “Инсон қадри учун" деган эзгу тамойилни ўзида мужассам этган ислоҳотлар динидан, тилидан, миллатидан қатъи назар Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат, элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.  

Тадбирда Халқлар дўстлиги куни муносабати билан давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ фахрийларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Шундан сўнг вилоятда фаолият олиб бораётган корейс, тожик, яҳудий, турк, қирғиз, немис, татар, славьян миллий маданий марказлари раҳбарлари байрам муносабати билан вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Тадбир давомида таниқли санъаткорлар ҳамда миллий маданий марказлари ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар байрам иштирокчиларига кўтаринкилик улашди.  


М.Сулаймонов,  
М. Қодиров (сурат), ЎзА