Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада давлат хизматчилари сиёсий-маърифий ўқув соатида қатнашди
15:16 / 2020-12-04

Янги Ўзбекистон бугун тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Соҳалардаги ислоҳотларнинг қамрови кенг, ҳар куни, ҳар соатда янгиланишлар рўй беряпти.

Ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини халқимизга таъсирчан шакл ва усулларда етказишни тизимли равишда ташкил этиш муҳим вазифалардан саналади.

Ҳар ҳафтанинг жума кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари билан Давлат бошқаруви академиясидаги марказий студия орқали видеоконференцалоқа шаклида сиёсий-маърифий ўқув соати ўтказилмоқда.

Бугун бўлиб ўтган сиёсий-маърифий ўқув соати ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланди. Фарғонадаги вилоят студиясида вилоят ҳокимлиги ходимлари, ташкилот ва бошқарма раҳбарлари ҳамда давлат хизматчилари қатнашиб, мазкур ўқув соатида кўтарилган мавзуларни диққат билан тинглади, бир қатор йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлишди. Шаҳар-туманлардаги студияларда ҳоким ва сектор раҳбарлари, ҳокимлик ходимлари иштирок этди.

Мазкур тадбирни ташкил этишда Давлат бошқаруви академияси ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, шунингдек, ушбу ташкилотларнинг ҳудудлардаги бўлинмалари фаол иштирок этяпти. Сиёсий-маърифий ўқув соатлари жонли мулоқотнинг янги ва замонавий рақамли шакли бўлиб, уларни ташкил этишда маъруза, маълумот ва ахборотларнинг мазмунини биринчи навбатда ҳудудларга, хусусан, раҳбар кадрлар ва давлат хизматчиларига етиб боришига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу эса раҳбар кадрлар томонидан самарали бошқарув қарорларини қабул қилишда ўзига хос ахборот таъминоти тизимига айланмоқда.

– Аҳамиятли тарафи шундаки, ҳар ҳафта бўлиб ўтадиган тадбирнинг дастури энг долзарб мавзуларга бағишланган бўлиб, иштирокчиларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг филиаллари масъул ходимлари томонидан мунтазам равишда ўтказиладиган сўровномалар натижалари асосида шакллантирилади, –дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилоят филиали раҳбари ўринбосари Аҳаджон Акбаров. – Сўровномаларда сиёсий-маърифий ўқув соатининг ўртача 2,5 минг нафардан зиёд иштирокчиси қатнашади. Жараёнда ушбу ўқувларнинг нафақат мазмуни, балки ташкилий шаклига ҳам алоҳида эътибор берилиб, сўровнома натижасида аниқланган камчиликлар навбатдаги тадбирларда бартараф этиб борилмоқда.

Бу галги ўқув соатида камбағалликдан чиқариш, хусусан, “Темир дафтар” борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва учраётган муаммолар таҳлили, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” билан манзилли ишлашнинг устувор йўналишлари каби мавзуларга эътибор қаратилди.

М.СУЛАЙМОНОВ,ЎзА мухбири М.ҚОДИРОВ олган сурат