Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада «Чегараолди ҳудудлар интеграцияси – тараққиёт омили» мавзусида халқаро бизнес-форум ўтказилмоқда
18:10 / 2021-04-22

Фарғона шаҳрида Тожикистон Республикасининг Сўғд, Қирғизистон Республикасининг Боткен ва Фарғона вилоятлари расмийлари ва ишбилармонлари иштирокида «Чегараолди ҳудудлар интеграцияси – тараққиёт омили» мавзусида халқаро бизнес-форум бўлиб ўтмоқда.

Асрлар мобайнида аҳил-иноқликда, баҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаб келаётган ўзбек, тожик, қирғиз халқларнинг қадрият ва анъаналари, турмуш тарзи ўзаро муштаракдир. Шу боис, азалдан ота-боболаримиз бу уч миллатни бир дарахтнинг япроқлари сифатида эътироф этган.

Мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, савдо, товар айрибошлаш, маданий-гуманитар соҳаларидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани азалий яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамламоқда. Бундай тенг ҳуқуқли муносабатлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари Президентларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар натижасидир. Айниқса, ҳудудлараро ҳамкорликнинг тобора фаоллашиб бораётгани янги имкониятларни пайдо қилмоқда. Фарғонада ташкил этилаётган мазкур анжуман ҳам ўзаро манфаатли мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Икки вилоят делегациялари катта тантаналар билан кутиб олинди. Дастлаб Фарғона туманидаги вилоят ҳокимлиги «Қабуллар уйи»да расмий учрашув бўлиб ўтди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сўғд вилояти Раиси, Тожикистон Олий Мажлиси юқори палатаси Раисининг биринчи ўринбосари Ражаббой Аҳмадзода ва Боткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев қардош халқларнинг муносабатлари янги босқичда давом этаётганлигини таъкидлаб, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида сўз юритди.

Очиқ ва дўстона мулоқот тарзидаги учрашувда қўшни давлатлар учун тенг манфаатли келишувлар, ҳудудлар интеграциялашуви, истиқболли лойиҳалар, савдо, импорт-экспорт ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг самарали шаклини яратиш бўйича фикр алмашилди.

Меҳмонлар Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида ташкил этилган Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган саноат ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Халқаро бизнес-форумнинг очилиш маросимида уч чегарадош вилоят раҳбарлари сўзга чиқиб, ҳудудларнинг инвестицион салоҳияти тақдимотини ўтказди.

[gallery-2146]

– Дунёга «Имкониятлар водийси» сифатида танилган вилоятимизда икки миллион олти юз минг нафар киши тожиклар билан бирга, ўзбеклар, руслар, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилади, – дейди Сўғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода. – Пандемия даврида ҳам Ўзбекистон Сўғд вилоятининг жуда муҳим савдо-иқтисодий шериги сифатида қолмоқда. 2020 йилда Ўзбекистондан Сўғд вилоятига товар киритиш ҳажми 96 миллион АҚШ долларини ташкил қилганини айтиш жоиз. 

Ўз навбатида, Ўзбекистонга 55 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги товарлар ва юк экспорт қилинди. Шу йилнинг уч ойида биз Ўзбекистондан йигирма саккиз миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган турли хил маҳсулотлар олиб, тўққиз миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилдик. Вилоятимизда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликдаги қўшма корхоналар тобора кўпаймоқда. Бугунги бизнес форум ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришда, янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади, албатта.

Фарғона вилоятида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда чет эллик ҳамкорлар билан саноат йўналишида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани янги турдаги ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини кенгайтирмоқда.

Қўшни давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, чегараолди вилоятлар билан алоқалар янада фаоллашаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.Ҳудудлар ўртасида илмий-амалий конференциялар, симпозиумлар, семинар ва форумлар, ёшлар ўртасида фан олимпиадалари, санъат фестиваллари ва спорт мусобақалари доимий тарзда ташкил этиб келинмоқда.

2019 йилда Фарғона вилояти тадбиркорлик субъектларининг Тожикистон Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 38 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 70 дан ортиқ корхона томонидан Тожикистон Республикасига экспорт амалга оширилди. Ўтган йил мобайнида эса ташқи савдо айланмаси 40,3 миллион АҚШ долларни шундан, экспорт ҳажми 21 миллион АҚШ долларни, импорт 19,3 миллион АҚШ долларни ташкил этмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда Тожикистон Республикаси тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 5 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Фарғона вилояти томонидан қиймати 4 миллион АҚШ долларилик 7 та экспорт шартномаси таклифи ишлаб чиқилди.

2020 йилда Фарғона вилояти ва Қирғизистон Республикаси вилоятлари ўртасида импорт-экспорт операциялари умумий қиймати 159,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 124,4 миллион экспорт ва 35,4 миллион долларлик импорт амалга оширилган. Бугунги кунга келиб, Фарғона вилоятида 30 та Қирғизистон капитали иштирокида қўшма корхоналар ташкил этилган бўлиб, бу орқали 375 та иш ўрни яратилган. Айни кунларда ҳамкорликда 6 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Анжуманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида уч мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “B2B” шаклидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Фарғона ва Сўғд вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик юзасидан «йўл харитаси», Қўқон шаҳри, Бувайда, Бешариқ, Данғара, Учкўприк туманлари ҳамда қўшни вилоят шаҳарлари билан биродарлик меморандуми имзоланди.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА