Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ сарфланади
16:09 / 2021-03-26

Жорий йилда Фарғона вилоятидаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 1,9 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар, 2019 йилга нисбатан эса қарийб 4 баробар кўп демакдир.

Ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, мазкур ҳудудлар қиёфасини замонавийлаштириш ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратиш долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.  Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Шодиёна маҳалласига бориб, бу ерда яшаётган одамларнинг яшаш шароити, ҳақиқий аҳволини ўз кўзи билан кўриб, муаммоларга очиқ юз билан боқди. Халқимиз билан мулоқотларнинг самараси эса бугун катта катта дастурларда яққол кўзга ташланмоқда.  

Вилоятда 123 та шароити оғир маҳалла фуқаролар йиғини бор, баъзи жойларда йиллар мобайнида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, афсуски, ўз ечимини топгани йўқ. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 127 та ҳудуд бўйича лойиҳалар таклиф қилинган. Жорий йилда шаҳар-туманларда 30 та қишлоқ ва 8 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Президентимиз раислигида 24 март куни бўлиб ўтган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бундан буён дастурларга қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилаши ҳам катта имконият бўлди.

– Туманимизда биринчилардан бўлиб, Заркент маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури асосида ишлар бошланганида кўпчилик ҳудудни янгиланишга ишонмаганди, – дейди Тошлоқ туманидаги “Хўжаариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббатхон Зокирова. – Бугун эса бу каби замонавий қиёфа касб этган маҳаллаларимиз сони анчагина. Уларга фақат ҳавас ва ҳайрат билан қараймиз. Тўғри, ўтган йил пандемия даврида бу борадаги ишлар бироз тўхтаб қолди. Бугун эса “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича улкан ишларга киришилди.  

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ҳудудларда 94 та кўп квартирали уй-жой таъмирланади. Хусусан, “Обод маҳалла” дастурига  3 та шаҳарда жойлашган 12 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 56 та кўп қаватли уй-жойларни ва унга туташ ҳудудларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига 4,1 миллиард сўм маблағлар йўналтирилмоқда. “Обод қишлоқ” дастури асосида 6 та тумандаги 7 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 18 та кўп қаватли уй-жойлари кўркам қиёфа касб этади.

М. Сулаймонов, ЎзА