Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Биринчи Фарғона тинчлик форуми ўз ишини бошлади
14:44 / 2025-10-15

Минтақамиз яхши қўшничилик ва ҳамкорлик ҳудудига айланиб бормоқда.

Фарғонада Марказий Осиё давлатлари ўртасида мулоқот, ишонч ва ҳамкорликнинг янги минтақавий майдонига айланиши кутилмоқдаган Биринчи Фарғона тинчлик форумининг очилиши бўлиб ўтди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, шунингдек, қатор халқаро ва миллий ҳамкорлар томонидан ташкил этилди. Анжуманда МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларининг етакчи “ақл марказлари” экспертлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг фуқаролик жамияти, бизнес, академик доиралари ва ёшлар фаоллари иштирок этди.

Фарғона водийси – бўлиниш чизиғидан ўзаро англашув макони сари

“Илгари Фарғона водийси одатда зиддият ва кескинликлар билан эсга олинарди, бугун эса у ишонч ва мулоқот масканига айланмоқда.”

Асрлар давомида водий савдо йўллари, маданият ва динлар кесишган цивилизациялар чорраҳаси бўлиб хизмат қилган. Аммо ХХ аср ва ХХI асрнинг бошланиши ёпиқ чегаралар, бўлинган жамоалар, қўшнилар ўртасидаги ишонмаслик каби жиддий синовларни олиб келди.

Бугун минтақадаги давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли тарихнинг бу саҳифаси ўзгармоқда. Давлатлараро чегаралар аста-секин ҳамкорлик кўприкларига, Фарғона водийсининг ўзи эса Марказий Осиёнинг янги даври рамзига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов форум шунчаки муҳокама майдони эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг янги фалсафасини шакллантириш йўлидаги қадам эканини таъкидлади.

У Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей 80-сессиясида айтган қуйидаги сўзларини ёдга олди:

“Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолди. Бугун Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди.”

“Фарғона водийси бир неча ўн йиллар давомида мураккаб зиддиятлар ҳудуди сифатида қабул қилинган. Бугун эса у яхши қўшничилик, очиқлик ва биргаликда бунёдкорлик орқали ишонмасликнинг тарихий меросини қандай енгиб ўтиш мумкинлиги бўйича намунага айланмоқда”, — деди Элдор Арипов.

Унинг сўзларига кўра, “форум — бу жараённи мустаҳкамлаш, уни ўзаро тушуниш ва барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли стратегиясига айлантиришга қилинган уринишдир.”

Элдор Арипов Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёдаги сиёсати муваффақиятининг гарови унинг “стратегик қарашлари, сиёсий иродаси, мулоқотга бўлган ишончи ва энг ўткир масалалар бўйича ҳам яқин қўшнилар билан муроса қилиш қобилияти” бўлганини таъкидлади.

Форум янги анъананинг — тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва минтақавий бирдамлик ғояларини илгари суришга қаратилган уч мамлакат вакилларининг йиллик учрашувларининг бошланиши бўлади.

[gallery-25746]

“Келажак сари йўл: Марказий Осиё – тинчлик ва умумий ўсиш минтақаси”

Тадбир якуни бўйича минтақадаги давлатларнинг ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, гуманитар алоқаларни ривожлантириш ва биргаликдаги иқтисодий ўсиш учун шарт-шароит яратишга бўлган интилишини акс эттирувчи Коммюнике қабул қилиш режалаштирилган.

“Ишончимиз комилки, фақат биргаликда чегаралар бўлиниш чизиғи эмас, балки боғланиш чизиғига айланадиган келажакни қуриш мумкин.Фарғона — оддий водий эмас, балки Марказий Осиёнинг кўзгусидир. Агар бу ерда тинчлик қарор топса, у бутун минтақада таралади. Агар бу ерда ишонч мустаҳкамланса, у Евроосиё миқёсида янги меъёрга айланади", — дея таъкидлади Элдор Арипов.

ЎзА