Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада бир йилда 531 километр ички йўллар тўлиқ таъмирланди
13:06 / 2023-01-15

Президентимизнинг 2022 йил 18 март куни қабул қилинган «2022-2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, ўтган йили Фарғона вилоятидаги 261 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ички йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Хусусан, 85 километр цемент-бетон, 218 километр асфальт қопламали йўллар қуриш ва 228 километр йўлларни шағаллаштириш ишлари амалга оширилди. Шу тариқа 2022 йил учун режалаштирилган 531 километр ички йўллар тўлиқ таъмирланиб, бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 167,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Таъмирлаш ишлари тўлиқ «Шаффоф» платформаси орқали ғолиб бўлган пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилди.

— Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида бу борада яна қўшимча вазифалар белгиланди, — дейди «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Ҳазратилло Тонгатаров. — Шу асосда Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг 2022 йил 15 июнь кунги қарорига мувофиқ, 18 километр узунликдаги 25 та ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Таъкидлаш ўринлики, Фарғона вилоятида давлат дастурлари доирасида ички йўлларни 2026 йилга қадар босқичма-босқич таъмирлаш ишларини якунлаш режалаштирилган. Шу маънода айтганда, яқин уч-тўрт йил ичида вилоятда бирорта носоз ички йўл қолмайди. Бу фарғоналик йўлсозлар учун масъулиятли ва шу билан бирга фахрли юмушдир.

М.Сулаймонов, ЎзА