Куни кеча давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви ва унда илгари сурилган ғоялар фарғоналик ишбилармонларга ҳам ғайрат-шижоат бағишлади.
Вилоятдаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бир куннинг ўзида учта ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилгани фикримизга далил бўла олади. Жумладан, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида лойиҳа қиймати 123 миллиард сўм бўлган “MOLLIS” момиқ сочиқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси тантанали тарзда очилди. Корхона йиллик қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотларнинг дастлабки партияси маросим иштирокчиларига намойиш қилинди.

Шу куни ҳудудда фойдаланишга топширилган “Avilon Textile” корхонасида йиллик 4 минг тонна хом мато тўқиш ва 3,5 минг тонна мато бўяш қуввати яратилди.
Тадбиркор Аваз Абдурахимов ташаббуси билан қуриб фойдаланишга топширилган корхонада трикотаж матоларини тўқиш ва бўяш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.. Шунингдек, қурилиш маҳсулотлари саноати тобора ривожланиб бораётган вилоятда бурама михлар ишлаб чиқарувчи яна бир корхона – “Azamat Savdo Ziyo” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган ишлаб чиқариш корхонаси ҳам фойдаланишга топширилди.

Тадбиркор Иброҳимжон Сиддиқовнинг 6,9 миллиард сўм ўз маблағлари ҳамда 3,3 миллион доллар банк кредити ҳисобига қуриб фойдаланишга топширилган корхонада яқин ҳудудда яшовчи маҳалла ёшларидан 70 нафари доимий иш билан таъминланди. Корхона йиллик 3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Тадбиркор хорижий давлатларга йиллик қарийб 1,5 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган. Шунингдек, мамлакат ички бозорига ҳам бир йилда 24 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб беришни мақсад қилган.

Бу учала янги корхонанинг байрамона очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
М. Сулаймонов,
ЎзА