Фарғона шаҳридаги “Меҳржон” нодавлат нотижорат ташкилоти қошида “Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази” (shelter) фаолияти йўлга қўйилди.
Марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Адлия вазирлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.
Мазкур марказ “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унинг асосий мақсади — зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва болаларга вақтинчалик бошпана бериш, уларни ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир.
Шу билан бирга, марказ фаолияти оилавий низоларни бартараф этиш, жабрланганларни жамиятга қайта мослаштириш ва хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган.
[gallery-26031]
Омбудсман Феруза Эшматова тадбирда сўзга чиқар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва жамият ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
- Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг барвақт аниқланиши ва жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, - деди Феруза Эшматова.
Шунингдек, омбудсман ўз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тенглик ва ҳурмат” платформаси фаолияти ҳақида маълумот берди. Ушбу платформа орқали мамлакат миқёсида гендер тенглигини таъминлаш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва аёллар ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини шакллантириш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Таъкидланишича, “Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази”нинг фаолиятга кириши инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Бу ташаббус мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, зўравонликсиз жамиятни барпо этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Муқимжн ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА