French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада анъанавий “Чимён-2021” медиафоруми бошланди
19:38 / 2021-02-22

Жорий йилнинг 22-27 февраль кунлари Фарғона вилоятнинг сўлим сиҳатгоҳида “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзуида анъанавий “Чимён-2021” медиафоруми бўлиб ўтади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказиб келинаётган анъанавий медиафорумда илгари суриладиган эзгу ташаббуслар мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари мазмун-мундарижасини бойитиш, ижодий фаолиятга янги анъана ва услубларни кенг татбиқ этиш сингари жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Бу галги ижодий мулоқотларда иштирок этиш учун республика ОАВ бош муҳаррирлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан вакиллар келган.

Медиафорум дастурига кўра, бугун иштирокчилар дастлаб Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Марказда ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт йўналишларида замонавий шарт-шароитлар муҳайё этилган. Баркамол авлод вакиллари билан юзма-юз суҳбатда журналистлар келажагимиз ворислари эришаётган ютуқларни юксак эътироф этишди.

Ипакчилар шаҳри Марғилонда қад ростлаган Ҳунармандлар марказида 400 дан ортиқ иш ўринлари яратилган бўлиб, атлас, ипакли адрас, сатин, шойи, аъло бахмал каби ўнлаб турдаги табиий ипак матолар МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа қитъасига экспорт қилинмоқда. Ота-боболардан мерос анъанани изчил давом эттираётган моҳир ҳунарманд, Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов меҳмонларни марказ фаолияти билан батафсил таништирди.

[gallery-1256]

Медиафорум иштирокчилари Фарғона шаҳридаги тошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Fergana stone paper” корхонасига фаолияти билан танишди.

– Шу йилнинг 4-5 февраль кунлари Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи давомида мазкур корхонада бўлиб, корхона синов режимида ишга туширилганидан ОАВ орқали хабардор бўлган эдик, – дейди “Шовот истиқболи” (Хоразм вилояти) газетаси бош муҳаррири Махбира Абдалова. – Бугун корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбикорларимиз шу каби ноёб лойиҳаларни ҳеч иккиланмай ҳаётга татбиқ этаётганидан қалбим ғурур ва ифтихорга тўлди.

Миллий матбуотимиз равнақ-ривожини таъминлашда Фарғона журналистикаси, бир асрдан зиёд тарихга эга “Фарғона ҳақиқати” газетасининг ўз ўрни бор. Ҳозирги кунда ўзига хос тажриба мактаби яратилган таҳририят ижодий жамоаси эзгу анъаналарни изчиллик билан давом эттирмоқда.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳамкасблар таҳририят фаолияти билан танишиб, ижодий ютуқлар, замонавий қулайликларга ҳавас қилишди.

– Газета ададининг юқорилиги, босма нашр билан бирга унинг электрон нусхаларини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга лойиқ, – дейди “Қоровулбозор тонги” газетаси (Бухоро вилояти) бош муҳаррири Баҳром Солиев. – Таҳририятнинг моддий-техник базаси, ижодий ходимларга яратилган шароитларга ҳам гап йўқ. Бундай ҳолатни одатда хорижий ОАВ фаолиятида кузатар эдик. Таҳририят жамоаси ва муассис – Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасидаги самимий ҳамкорлик намуна сифатида кўрсатишга арзийди.

Вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида фотомухбирлар Муқимжон Қодиров ва Шерзоджон Қорабоевларнинг ижодий фото кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Журналистлар мазкур кўргазмада ижодкорларнинг юртимиз табиати, бунёдкор инсонлари ҳамда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари акс этган фотоасарлари билан танишди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА