Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари Фарғонада ҳам кўтаринкилик билан нишонланмоқда.
Ҳар бир ўзбек миллатига мансуб инсон борки, унинг қалбига Навоий руҳи кириб борган. Улуғ мутафаккир бобомиз маънавият қуёши сифатида миллатимиз қалбида ҳамиша барҳаёт яшайди.

Бугун эрта тонгдан Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов йиғилганларни ҳазрат Навоий таваллуди байрами билан қутлаб, улуғ бобокалонимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига, унинг асарларидаги маънавий-тарбиявий жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, филология фанлари доктори, навоийшунос олим Ҳабибулло Жўраев шоир ижодини пухта ўрганиш, асарларини қайта ва қайта ўқиш, уларда улуғланган ғояларнинг ёш авлод тарбияси учун муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида Фарғона шаҳридаги Президент мактабида таълим бераётган Канада, Буюк Британия, Филиппинлик устозлар, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди.

Шоирга эҳтиром тадбири сўнггида йиғилганлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.
М. Сулаймонов, ЎзА