Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада адабиёт кунлари бўлиб ўтмоқда
18:17 / 2021-12-02

Фарғона ўзининг дурдона асарлари билан адабиётимиз хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган, халқимизнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилган ижодкорлари билан машҳур. Айни кунларда катта шодиёналар билан ўтказилаётган «Адабиёт кунлари»да сўз санъаткорларига яна бир бор эҳтиром ва эъзоз кўрсатилмоқда.

Адабиётшунос олим Умарали Норматов таваллудига 90 йил, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудига 85 йил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир, драматург Сайдали Одилов таваллудига 80 йил тўлганлиги, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш ҳамда риштонлик истеъдодли ёзувчи Исажон Султон «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони билан тақдирлангани муносабати бўлиб ўтаётган тадбир шукуҳли онларга бой бўлаётир. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар Қўқон шаҳрида тантана билан кутиб олинди.

Қўқон адабий муҳити ўзбек адабиётида муҳим ўрин тутади. Бу ердан етишиб чиққан мумтоз сиймолар халқимизнинг фахр-ифтихорига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида фарғоналик сайловчилар билан учрашувда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик сиймоларидан бири – Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг ҳаёти ва фаолиятига алоҳида тўхталиб, Қўқон шаҳри марказидаги Фурқат боғида шоирнинг ҳайкалини ўрнатишни таклиф этган эди. Байрам тадбири олдидан вилоят ҳокими ва меҳмонлар боғ бўйлаб айланиб, Фурқат ҳайкалининг жойлаштириш ўрни борасида фикр алмашди.

[gallery-4909]

Тадбирнинг очилишида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўзбек адабиётида Фарғонада туғилиб ўсган ижодкорларнинг тутган ўрни ва улар ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Юбиляр ижодкорлар ва уларнинг яқинларига вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.14 нафар фарғоналик ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари иштирокидаги театрлаштирилган саҳна кўринишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Риштон тумани маданият саройида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий учрашувда адабиётнинг беқиёс қудрати тилга олинди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров, ЎзА