Гиёҳвандлик инсон ҳаётини барбод қилади, орзу-умидларини ерга кўмади. Мамлакатимизда унинг олдини олиш ва бу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлсада, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётганлар учраб турибди.
Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яқинда ана шундай қабиҳ ишга қўл ураётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. А.Нурмаматов, М.Эминов, М.Ҳабибуллаев, Х.Ортиқовлар “гашиш” гиёҳвандлик воситасини контрабанда қилиш ҳамда бошқалар билан қонунга хилоф равишда сотиш борасида режа тузади. 2021 йил 21 августда А.Нурмаматов, М.Эминов томонидан юборилган 6 минг 100 АҚШ долларига қирғизистонлик “Бурхон” исмли номаълум шахсдан бир килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиб олади. Уни Боткен вилояти Қадамжой тумани Қизилқия шаҳрининг Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги Найман қишлоғи билан чегарадош жойидаги чегара сими устидан Ўзбекистонга улоқтириб ўтказишган. Шу куни Қува туманида Х. Ортиқов ва Х.Қодировлар 3 минг 700 АҚШ доллари ва 2 миллион сўмга М.Эминовдан 526 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда олаётганида қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг ҳукмига кўра, М.Эминовга 10 йил 6 ой, А.Нурмаматовга 11 йил, Х.Ортиқов ва М.Ҳабибуллаевларга 8 йил, Х.Қодировга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг пайини қирқиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси деб ўйлайдиганлар жуда катта хато қилади. Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.
Бекзоджон Ҳайдаров,
Фарғона вилоят судининг судьяси