Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 5 минг гектар ер майдони ёшларга ажратилади
13:53 / 2024-04-08

Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашда янги тизим яратилган бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раислигида жорий йил 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда жорий йилдаги долзарб вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқлар бўйича амалий ишларга киришилди. Эндиликда минглаб ёшлар ер олиб, даромад топиш имконига бўлмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажриба яратилган бўлиб, ундаги имкониятлар ёшлар бандлигида муҳим ўрин тутади. Ўтган йилларда “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиш истагини билдирган, ерга эҳтиёжи бор йигит-қизларга ер ажратилгани ўз самарасини берди. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, яхши даромадга эга бўлди. Шу боис бугунги кунда шаҳар ва туманларда ер олишга талабгорлар анчагина.  

– Президентимизнинг қарорига кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳаммадамин Ғаниев. – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим жорий этилмоқда. Ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (талабгорлар) ўртасида ўтказилади.  

Бунда ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.  

Маълумотларга қараганда, айни кунларда вилоятда 5 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиши кўзда тутилган. Шаҳар ва туманларда 21 минг нафар талабгор ёшларнинг рўйхати шакллантирилмоқда.  

Ер олган ёшлар Агробанкнинг “Фермерлар мактаби”, “Сувчилар мактаби”да, аграр соҳадаги кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ва ҳудудлардаги кичик бизнес қўллаб-қувватлаш марказларида ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштириш бўйича ўқитилади. Уларга  тижорат банклари томонидан 7 йилгача муддатга 100 миллион сўмгача кредит ажратилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади.  

Шунингдек, жорий йилда вилоятда 10 минг гектар ер майдони янгидан ўзлаштирилиши ва қайтадан фойдаланишга киритилиши режалаштирилган. Бу ҳам аҳоли, хусусан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилади.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири