Спорт инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади. Шу боис Фарғона вилоятида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Вилоятда аҳолининг 24,3 фоизи, яъни 933 минг 600 нафари спортнинг 63 та тури бўйича ташкил этилган спорт секцияларига жалб этилган, 37 мингдан ортиғи эса спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
– Бугунги кунда аҳолининг спортга муносабати буткул ўзгарди, – дейди Фарғона вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодирбек Ҳакимов. – Айниқса, коронавирус инфекцияси юрак-қон томир, нафас йўллари касаллигига чалинган, ортиқча вазнли фуқароларда оғир кечгани соғлом турмуш тарзи ва спортнинг аҳамиятини яна бир исботлади.

Пандемия даврида аҳоли 3, 5, 10 километр пиёда юришга ўрганди ва шу орқали тўғри овқатланиш йўлга қўйилмоқда. Натижада, вилоятда юрак-қон томир касалликлари билан касалланган беморлар сони 104,4 минг нафарни ташкил этса, аҳолини пиёда юриш ва оммавий спортга жалб этиш натижасида сўнги уч йил мобайнида юрак-қон томир касалликларига чалиниш ҳолати 22 фоизга камайишига эришилди.
Ҳудудларда спорт масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қулай шароитлар яратиш учун муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда умумий қиймати 16,9 миллиард сўмлик 5 та спорт иншоотининг қурилиши ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бундан ташқари, вилоятда 5,2 миллиард сўм эвазига 3,5 километр узунликда «Саломатлик йўлаклари», «Велосипед йўлакчалари» ва 950 та маҳаллада замонавий стритбол, бадминтон, “Workaut” спорт турларини ўзида мужассам этган спорт майдончалари ташкил этилди.

Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларни спорт турларига янада кенгроқ жалб этиш мақсадида Фарғона шаҳрида «Паралимпия маркази» фаолияти йўлга қўйилди. Шаҳар ва туманларда мунтазам спорт мусобақалари ўтказилиб, умидли спортчилар кашф этиляпти.
Албатта, яратилган бу каби имкониятлар фарғоналик спортчиларни янги ғалабалар сари ундамоқда. Жорий йилнинг ноябрь ҳолатига кўра, 584 та олтин, 622 та кумуш, 965 та бронза медаллари қўлга киритилган.

Вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароитлар бор-йўқлиги таҳлил қилинди. Унга кўра, 522 та маҳалла «қониқарли», спорт иншоотлари етарлича бўлмаганлиги сабабли 306 та маҳалла «ўрта», спорт иншоотлари таъмирталаб ва тарқоқ ҳолатда жойлашганлиги сабабли 223 та маҳалла «паст» даражада тоифаланган. Ана шуларни инобатга олган ҳолда келгуси йилда спортни янада ривожлантириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Бюджет ҳамда хусусий сектор маблағлари ҳисобидан 40,4 миллиард сўм эвазига 55 та спорт иншооти ва майдончалари қурилади ва уларга етти минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинади. Фарғона шаҳри, Данғара ва Ёзёвон туманларида қўшимча Болалар-ўсмирлар спорт мактаби, кураш ва футбол маҳорати мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, «Париж-2024» Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш юзасидан ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишларга киришилди.
М.Сулаймонов, ЎзА