Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 2 минг 786 тонна пилла етиштирилади
15:23 / 2025-04-02

Қўштепа туманида чилги ҳосил ипак қурти уруғларини инкубатория шароитида жонлантириш мавсуми бошланди.

Жорий йилда бу ерда 2423 қути ипак қурти уруғлари парваришланиб, 145 тоннадан ортиқ қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштирилади. Пиллачилик агрономи Ҳошимжон Собиров бош бўлган инкубаторияда 170 қути ипак қурти уруғи жонлантириляпти. 

“Қўштепа агропилла” масъулияти чекланган жамияти ҳамда ”Соф ипак тола” пиллачилик кластери томонидан ипак қурти уруғларини янги технологиялар асосида парваришлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар ишсизлиги сабаб “Аёллар дафтари”га кирган 1500 нафар хотин-қиз касаначилик асосида иш билан таъминланди. Улар пилла етиштириб, даромад олиш билан бирга, бир йиллик меҳнат стажига ҳам эга бўлади. 

– Саноат хом ашёси учун муҳим бўлган озуқа базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тан нархини камайтириш орқали мўл ва сифатли ҳосил етиштириш юзасидан амалий семинарлар ўтказилмоқда,–дейди пиллачилик кластери раҳбари Авазбек Муҳаммадиев. – Ишчи гуруҳ билан биргаликда ипак қурти уруғларини жонлантириш ишларини назорат қиляпмиз. Инкубист ҳамда ипак қурти боқувчиларга мавсум билан боғлиқ янги технология, уларнинг имкониятлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Бу йил Фарғона вилоятида 46 минг 436 қути ипак қурти уруғлари паваришланиб, 2 минг 786 тонна тирик пилла териб олинади. Шу мақсадда 4 минг 252 та фермер хўжаликлари ҳамда 13 минг 755 нафар касаначилар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида агрономлар ва пиллачилик ходимлари, 52 минг нафардан зиёд аёлларнинг билим ва кўникмалари оширилди.

– Ипак қурти уруғлари “Фарғона тут ипак қурти уруғчилик”, “Марғилон муқобил ипак қурти уруғчилик” ҳамда “Фарғона пилла наслчилик” корхоналарида маҳаллий шароитда тайёрланди, – дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ бош агрономи Фаррух Мамадалиев. – Улар маҳаллий иқлим шароитимизга мос, серҳосил ва ипакчанлигининг юқорилиги билан ажралиб туради. Ипак қуртларини плёнка остида парваришлашга алоҳида эътибор берилади. Бу усул эрта ҳосил етиштириш, озуқа базасини тежашда яхши самара бериши билан ажралиб туради.

Пиллачилик кластерлари томонидан мавсум учун керакли бўлган тўшама қоғозлар, термометр ва бошқа керакли ашёлар етказиб бериляпти.

М.Сулаймонов, ЎзА