Халқимиз ҳам азал-азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор кучу салоҳиятини бағишлаган. Зеро, оила бирлиги, ундаги муҳит фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш каби масъулиятли вазифани ўз елкасига олган. Фарғона вилоятида бугунги кунда 1 миллион 200 мингдан зиёд оилалар бўлиб, улар орасида ибратлилар анчагина.
15 май – Халқаро оила куни арафасида вилоятдаги 189 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда мазкур кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди.


Тадбирда оила муқаддас даргоҳ эканлиги қайд этилиб, мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишлар эътироф этилди. Барчага ўрнак ва ибрат бўлаётган оилаларга миннатдорчилик билдирилди.

– Оила – ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббатдан дарс берувчи улуғ маскандир, – дейди Бувайда туманилик Иззатилло Эназаров. –Бизни оилада ҳам бунга жиддий амал қилинади. 4 нафар фарзандни тарбиялаб, ўқитдик. Бугун невара, чеваралар ардоғидамиз. Нафақада бўлсамда, доимо қайноқ ҳаёт даврасида ўзимни бахтиёр сезаман.Туман нуронийлари бош бўлиб, халқ хизматидаман. “Ибратли оила” кўкрак нишони янада зиммамизга масъулият юкламоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА