Бешариқ туманининг Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудида Термиз тажрибаси асосида эркин савдо зонаси, шаҳар ва туманларда 1210 гектар ер майдонларида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Хитой тажрибаси асосида “Фарғона янги имкониятлар” махсус саноат зоналари ташкил этилади.
Бу ҳақида 2024 йилда Фарғона вилоятида инвестициялар, экспорт ва савдо йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилдаги режа ва вазифаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Нуриддин Мамажонов оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга вилоятнинг инвестицион салоҳияти, лойиҳалар ҳамда олиб борилган ишлар ва келгусидаги вазифалар бўйича маълумот берди.
Фарғона вилоятидаги қулай инвестициявий муҳит натижасида хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди, 1,1 мингта истиқболли лойиҳа ишга туширилди, натижада 36 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
– Хорижий инвесторларнинг Фарғона вилоятида бизнес юритишга, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқиши ортмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов. – Ҳамкорлик натижасида бугун вилоятга инвестиция киритаётган мамлакатларнинг умумий сони 29 тага етди, қўшма ва хорижий корхоналар 800 дан ошди. 2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган бўлиб, 6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини бошлаш, 1,2 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 44 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортини амалга ошириш, 3,7 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 49 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Фарғона вилоятида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат зоналарини бошқаришда хорижий тажрибани қўллаш, электротехника, машинасозлик, хавфсиз кимё маҳсулотлари ва бошқа соҳаларда рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Қўқон технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
[gallery-21223]
Вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА