Фарғона вилоятида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги икки йилда Қўқон, Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйи ва Фарғона шаҳридаги 1-сонли Болалар уйининг фаолияти тугатилди. Давлат томонидан берилган имтиёзлар натижасида бундай болаларни ўз бағрига олаётган оилалар ортиб бормоқда. Шаҳар ва туманларда 15 та оилавий болалар уйи ташкил этилиб, 82 нафар ўғил-қиз тарбияга олинган. Болалар масалалари бўйича вилоят, шаҳар ва туман комиссиялари томонидан ўтган йилда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича 1 минг 198 та ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 69 та давлат ташкилотлари ва идораларининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ўрганилди ва уларга нисбатан 23 та тақдимнома киритилди.


Бундан ташқари, 175 нафар ота-оналар болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди. 153 нафар болаларга ҳамда 77 нафар ота-оналарга якка тартибда профилактик иш олиб борилиши белгиланди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлиги аниқланган 1 минг 326 нафар болаларнинг барчаси оилаларга жойлаштирилди. Юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган 1 минг 23 нафар болаларга вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг етакчи мутахассислари томонидан жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 17 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жой билан таъминланди.
М.Сулаймонов,
ЎзА