Мамлакатимизда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. «Очиқ бюджет», «Ташаббусли бюджет» тамойиллари ҳаётга татбиқ этилиб, ушбу жараёнда адолат ва шаффофлик сари жиддий қадам қўйилди.
Фарғона вилоятида илк бор жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш мақсадида «Ташаббусли бюджет» жараёни ўтказилди. Шу тариқа Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида 37 миллиард 735 миллион сўм маблағ шакллантирилди.
–Биринчи босқичда жорий йилнинг 1–31 июль кунлари таклиф бериш истагидаги ҳамюртларимизнинг ўзлари яшаётган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича 3 минг 501 та таклифлари «Очиқ бюджет» ахборот порталига электрон шаклда жойлаштирилди, – дейди вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғанижон Солиев. – Иккинчи босқичда эса 1-12 август кунлари давомида туман (шаҳар)ларда жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш ҳамда ижросини мониторинг қилиш ишчи комиссияси томонидан 3 минг 501 та таклифдан 1 минг 844 тасига овоз бериш жараёни ўтказилди. Учинчи босқич жорий йил 13 августдан бошланиб, 2 сентябрь кунига қадар давом этди. Унда энг кўп овоз тўплаган 145 та таклиф “Очиқ бюджет” ахборот портали томонидан инсон омилисиз, тўғридан-тўғри ғолиб деб топилди.
“Ташаббусли бюджет” жараёни натижаларига кўра, вилоят бўйича энг кўп овоз тўплаган ва ғолиб бўлган умумий қиймати 39 миллиард 351 миллион сўмлик – 145 та таклифларни молиялаштириш мақсадида туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан манзилли рўйхат шакллантирилди. Маблағлар умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, ичимлик, оқова сув таъминотини яхшилаш кабиларга йўналтирилди.
Шакллантирилган манзилли рўйхатларга асосан таклифларни молиялаштиришга бириктирилган буюртмачи ташкилотларга ҳар бир таклиф бўйича тегишли ғазна ҳисоб рақамлари очилди. Туман-шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли маблағлар «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»дан буюртмачи ташкилотларнинг ғазна ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.
Ҳозирги кунда буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш, солиқ тўловчиларнинг истагини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Маблағни адолатли тақсимлаш мақсадида ҳар бир шаҳар-туман кесимида Ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
– “Очиқ бюджет” порталида менинг таклифим ғолиб бўлиб, кўчамизнинг 500 метр қисмини асфальт қилиш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилди, –дейди Ёзёвон туманининг “Қўрғонча” МФЙ, Обод диёр кўчасида истиқомат қилувчи Иқбол Раҳматжонов. – Йўлсозлар томонидан қисқа фурсатда кўчамизга асфальт ётқизилиб, маҳалладошларнинг кўп йиллик орзуси амалга ошди.
М. Сулаймонов, ЎзА