Фарғонада вилоят ҳокимлиги томонидан Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 13 та туманда бунёд этилган “Ҳунармандлар маркази” нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Бунинг натижасида миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг ҳунармандчилик билан шуғулланишига кенг имконият яратилди. Бугунги кунда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари сони 4 баробарга, соҳада яратилган иш ўринлари сони 5 баробарга ортиб, 230 мингтани ташкил этмоқда. Жумладан Фарғона вилоятида 3 минг 570 нафар ҳунармандларга 10 минг 195 нафар шогирдлар бириктирилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарийб 8 мингга яқин иш ўринлари яратилди. Вилоятда дастурга асосан 867 нафар ҳунармандга 18,7 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Ҳунармандчилик марказларининг ташкид этилиши эса бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-3855]
Тошлоқ туманидаги 300 ўринли "Ҳунармандлар маркази" очилиши катта шодиёнага айланди. Уда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
-Президентимиз топшириқ бердилар. “Ҳунармандлар маркази”ни қуриб битказдирдик. Мақсад энди буни ривожлантириш, ҳар битта ҳунарманднинг ёнига биттадан шогирдни қилиб, касаначилик қилиб, ҳунаримизни давом эттириш, - деди вилоят раҳбари.
Карнай-сурнай садолари билан рамзий тасма қирқилди. Марказ раҳбари, машҳур ҳунарманд Иброҳимжон Султоновга тантанали тарзда рамзий калит топширилди. Меҳмонлар 3 қаватли бино ичкарисига кириб, бу ердаги савдо комплекси ва кўргазмалар зали, гилам тўқиш ҳамда атлас ва адрас матоларини ишлаб чиқариш бўлимлари билан танишдилар.
Олтиариқ, Риштон туманларида ҳам марказнинг очилиши ҳунармандлар ва аҳолига муносиб туҳфа бўлди. Тадбир қатнашчилари ушбу марказлар фаолиятини янада жонланишига, уларда кўплаб иш ўринлари яратилиб, юртдошларимиз турмуш фаровонлиги ошишига ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.
Тадбирлар давомида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси учун янги бозорларни топиш, бунинг учун тарғибот ишларини кучайтириш, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасадди раҳбарлар иштирокида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Нафақат "Ҳунармандлар марказ"ларининг ўзида балки, шу марказларга бириктирилган ҳолда уй шароитида ҳам фаолият олиб борувчи хотин-қизларни кўпайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Бир куннинг ўзида вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 57,9миллиард сўм ажратилган 13 та янги “Хунармандлар марказ”лари иш бошлади. Уларда 4000 нафар ишсиз фуқаролар, айниқса, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА