French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 11 та ҳолатда тадбиркорлик фаолияти ноқонуний текширилган
10:23 / 2020-12-25

Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг ишончли ҳимоясини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари ижросига алоҳида эътибор қаратилиб, амалий чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний текшириш ва асоссиз аралашишларни олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 11 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний текширилганлиги аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Масалан, “Ўзнефтгазинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси И.А. Фарғона шаҳридаги тадбиркорлик субъектига қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасида автотранспортларга ёқилғи маҳсулотини белгиланган меъёрда қуйилиши ва бошқа ҳолатлар юзасидан асоссиз текшириш ўтказган. Шу жумладан, ушбу текшириш Президентимизнинг 27.07.2018 йилдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талаблари асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишиш ёки хабардор қилиш учун электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилмаган.

Қонун бузилишига йўл қўйган И.А.га нисбатан 20.02.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 241-2-моддаси билан иш қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Вилоят прокуратураси томонидан жорий йилда соҳада ўтказилган назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг 50 нафари интизомий, 27 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 7 та қонунга зид ҳужжатларга нисбатан протест келтирилган. Қонун бузилиш ҳолатларини келиб чиқиш сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан жойларга 51 та тақдимнома, тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб судларга 3 та даъво аризалари киритилган.

Назорат тадбирлари натижасида 1 минг 549 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. Тадбиркорлик субъектлари билан ўтказиб келинаётган учрашувларда келиб тушган мурожаатлар асосида уларнинг 1660 дан ортиқ муаммолари прокуратура органлари аралашуви билан тезкорлик билан ҳал қилинган.

Жумладан, тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги бўлган шахсларнинг 524 нафарига 936 миллиард 541 миллион сўмлик кредит олиб берилиши, 14 нафарига ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтиришга 15,6 гектар ер майдони ажратилиши, 5 нафарига бино ажратилиши, 182 нафарига лицензия ва бошқа рухсатномалар олинишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, 574 нафар тадбиркорнинг электр, газ ва сув таъминоти бўйича, 364 нафарини эса бошқа масалаларга доир муаммолари ҳал қилинди.

Мисол учун, вилоят прокуратураси томонидан Қувасой шаҳридаги “Фертекс” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонага ип-калава бўяш лойиҳасини амалга ошириш учун 14 миллиард  450 миллион сўм банк кредити ажратилишида кўрсатилган амалий ёрдам туфайли корхонага янги ишлаб чиқариш дастгоҳлари олиб келиниб, 98 та янги иш ўрни яратилди.

Бағдод туманида қалампир маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи “Караван Багдад” ишлаб чиқариш корхонасининг экспорт салоҳиятини ошириш учун қўшимча ер майдонига эҳтиёжи мавжудлиги аниқланиб, туман прокуратурасининг кўмагида корхонага 5 гектар ер майдони ажратилди.

Карантин даврида ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, Фарғона шаҳридаги пахта ва пластмассани қайта ишлашга ихтисослашган “Enjoy cotton textile” масъулияти чекланган жамиятига қарашли юк ва йўловчи ташиш автотранспорт воситаларига эркин ҳаракатланишлари учун рухсатнома олинишида амалий ёрдам кўрсатилди ва ишлаб чиқаришга доир муаммолари ҳал этилди.

М. Сулаймонов,ЎзА