ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасалар спорт объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида Фарғона вилоятида ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар учун адаптив спорт имкониятлари кенгаймоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 8 ноябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ҳудуддаги ижтимоий ҳимоя тизимида муҳим амалий тадбирлар амалга оширилди.
Вилоятдаги 11 та ихтисослаштирилган махсус мактаб ва мактаб-интернатларда таълим олаётган алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар, шунингдек, 3 та “Мурувват” интернат уйларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг адаптив спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун 37 турдаги жами 1008 дона спорт инвентарлари ва жиҳозлари етказиб берилди.
[gallery-26536]
Ушбу спорт анжомлари 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни арафасида спорт мураббийларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси ҳамда Адаптив спорт ассоциацияси Фарғона вилоят бошқармаси томонидан тантанали равишда топширилди.
Мазкур ташаббус ногиронлиги бўлган болалар ва шахсларнинг жисмоний ривожланишига, реабилитация жараёнларини жадаллаштиришга ҳамда уларни спорт орқали жамиятга янада фаол интеграция қилишга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА