Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 100 дан зиёд мураккаб ва юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди
17:32 / 2022-05-10

ФОТОРЕПОРТАЖ

Кўпчилик саломатлигидаги салбий ўзгаришларга ўз вақтида эътибор қилмайди. Баъзан ана шу бепарволик оқибатида касаллик янада зўрайиб, бемор қийин аҳволда қолади.

Бугун орамизда оғир касалликка чалиниб, узоқ йиллар тўшакка михланиб қолган ана шундай беморлар йўқ эмас. Бироқ уларнинг ҳаммасида ҳам шифохонада ётиб даволанишга, ўз вақтида керакли муолажаларни олишга имкон йўқ.

Давлатимиз томонидан бугун шу каби юртдошларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиб, кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган шахсларнинг мураккаб операциялари бепул амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси эса айни шу мақсадларни кўзда тутган.

Тадбир доирасида шу кунларда вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Хусусан, тадбир доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида бир қанча оғир беморларда мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиожарроҳи Хондамир Мамадалиевнинг айтишича, уйқу артериясини атеросклероздан тозалаш анчагина мураккаб муолажа. Бунинг учун беморнинг бўйин қисми жарроҳлик йўли билан очилиб, бош мияга кетган артериал қон томирлари холестериндан тозаланади. Шуниси эътиборлики, бундай мураккаб операция вилоятда илк бор ўтказилди.

Ана шундай оғир хасталикка чалинганлардан яна бири олтиариқлик Собиржон Раҳмонов бўлиб, 2021 йил январь ойида инсульт хасталигини бошдан кечирган. Ўша йили май ойида унда кардиожарроҳлик операцияси ўтказилган. Бироқ бемор муолажадан кейин ҳам бутунлай соғайиб кетмади. Сўнгги тиббий текширувлардан кейин унинг уйқу артерияларини атеросклероздан тозалаш кераклиги маълум бўлди.

– Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин экан, - дейди С. Раҳмонов. – Аммо дард қанчалик оғир бўлмасин, инсон тушкунликка тушмаслиги керак. Айниқса, биз каби беморларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани соғайишимизга янада ишонч бағишламоқда.

Фарғонада бошланган соғломлаштириш акцияси доирасида ўтган бир ҳафта давомида вилоят тиббиёт муассасаларида 100 дан зиёд мураккаб ва юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди.

Шунингдек, Фарғонада илк бор атеросклероз касаллигига чалинган икки нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

[gallery-7031]

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ЎзА