Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада 1 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилади
12:38 / 2023-07-24

Фарғона вилоятида хорижий инвестицияларни жалб этишга муҳим эътибор қаратилаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 500 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Сингапур давлатлари билан самарали ҳамкорлик натижасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар 1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.

Саноат шаҳри ҳисобланган Қувасойда бу борада олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг 6 ойида жами 31,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар жалб қилинди. Рақамлардан кўриниб турибдики, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 120 фоизга ўсган.

Қувасой шаҳри иқтисодиётига инвестициялар киритиш бўйича Хитой, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Эрон, Германия ҳамда Туркия давлатлари етакчилик қилди. Ўтган даврда 6 давлатдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Мазкур инвестицияларнинг асосий қисми қурилиш материаллари, тўқимачилик, нефть,  кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган.

Ўтган йил декабрда иш бошлаган “Art soft ceramics” корхонаси йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Бу ерда йилига 15 миллион долларлик экспорт қилиш имкони мавжуд.  

Кейинги йилларда шаҳарда тикув-тўқимачилик соҳаси анча ривожланди. Энди ўзимизда ҳам сифати хорижнинг етакчи брендларидан қолишмайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида шаҳар ҳудудида бир қатор лойиҳалар ишга туширилиши натижасида янги корхоналар фаолият бошлади. «Ellycardin textile» хорижий корхонаси шулардан биридир. Аслан Муҳаммет таъсисчилигида фаолият юритаётган мазкур корхонада айни пайтда 70 турдан зиёд аёллар рўмоли ва шарфи ишлаб чиқарилмоқда.  

Корхона жорий йилнинг март ойида фаолиятини бошлаган бўлиб, шу қисқа давр мобайнида қарийб 200 минг долларлик экспортни йўлга қўйди. Шунингдек, 500 минг доллар хорижий инвестиция киритилиб, хотин-қизлар учун 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда тайёрланган маҳсулот асосан хорижга экспорт қилинади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга хорижликлар катта қизиқиш билдираётганликлари боис ушбу корхона 12 та давлат билан шартнома имзолаган.

–Ишчи-ходимларнинг яхши ишлашлари учун барча шароитларни яратиб берганмиз, – дейди  корхона раҳбари Машҳурахон Акрамова. – Уларнинг ишга келиб-кетишлари учун махсус транспорт воситалари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, улар икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Ишчиларимизнинг аксариятини ишсиз, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», кам таъминланганлар рўйхатида турадиганлар ташкил этади.  

 

М.Сулаймонов, ЎзА