ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволашнинг самарали тизими ҳамда замонавий усулларини жорий этиш, тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, таълим ва илм-фанни амалий тиббиёт билан уйғунлаштириш мақсадида "Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти кўп тармоқли клиникасини ташкил этиш тўғрисида”ги вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12-13 май кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида фаолияти йўлга қўйилаётган институт кўп тармоқли клиникаси 2023 йил 1 сентябрдан Фарғона шаҳрида жойлашган 250 ўринли 2-шаҳар шифохонаси негизида ташкил этилади.
[gallery-13119]
Қарорга асосан, клиникада имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга бепул асосда тиббий ёрдам кўрсатилади. Институт клиникаси ходимлари кафедралар билан ҳамкорликда ўз ихтисослиги бўйича республика миқёсида мақсадли дастурларини ишлаб чиқаради.
Хорижий етакчи тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тўпланган тажриба, ахборотлар, шунингдек, мутахассислар кенг алмашинувини йўлга қўяди. Ҳудудий тиббиёт ташкилотларига ташкилий-услубий ёрдам беради. Институт профессор-ўқитувчилари, талабалари, магистрлари ва клиник ординаторлари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар, тиббий кўриклар ва маслаҳатлар ташкил қилади. Қолаверса, институт клиникаси бўлимларида профессор-ўқитувчилар, талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар амалиёт ўтайди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА