Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона: Ёш чавандозларга – Тойчоқ! (+видео)
08:52 / 2024-03-07

Водийдан Тошкентга йўл олсангиз довонга етмай икки ёнда юзлаб “Тойчоқ” ўйинчоқлари сотилаётганини кўрасиз. Улар Бешариқнинг Қият-Сартол маҳалласидаги Комиловлар оиласи хонадонида ишлаб чиқарилади.

–Президентимиз аёллар тадбиркорлигига катта эътибор қаратмоқда, –дейди оилавий корхона раҳбари Маҳфуза Комилова. –5 нафар оила аъзоларим билан от ўйинчоқларини ясаймиз. Ўғилларим дурадгорлик қилса, бошқалар ўйинчоқларни йиғади.

Ҳовлининг бир четида дурадгорлик хонаси бор. Бу ерда бўлажак ўйинчоқларнинг ёғоч қиёфаси тайёрланади. Бу ишларни оиланинг кенжа ўғли ўз зиммасига олган.

Буниси эса йиғув хонаси. У илгари оила бекаси Маҳфуза опанинг хосхонаси бўлган. Унга яқин  тикувчи қизлар юмшоқ матолардан ёғоч қиёфага “эт” ёпиштирадилар, кейин турфа рангдаги “тери” қоплайдилар. Хаш-паш дегунча болалар ўйинчоғи – “Тойчоқ” тайёр бўлади ва савдога йўл олади.

–Аввалига озгина сармоя билан иш бошлаганмиз, –дея эслайди Маҳфуза опа. –Бугунга келиб иш ҳажми ортиб, маҳалламизда уйда ўтирадиган ишсиз, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни касаначи сифатида олганмиз. Уларга яримтайёр маҳсулотлар етказиб берилади. Касаначилар қўл меҳнати ёрдамида ўйинчоқларга кийим тикишади.

Талаб ва эҳтиёж ишлаб чиқаришни ҳаракатга келтирувчи асосий омилдир. Унга эришиш учун замонавий савдо усулларидан фойдаланиш зарур эди.

–Ижтимоий тармоқлардаги онлайн савдо орқали от ўйинчоқлари республикамизнинг турли ҳудудларидаги харидорларга  ҳам кунига 200-300 тадан юбориляпти, – дейди тадбиркор.

Маҳфуза опа Комилова оилавий корхонага оид бир маълумот айтиб бизни ҳайратга солдилар. Энди Қият-Сартол маҳалласининг “тойчоқ” лари чет элларда ҳам “чопмоқда”.

<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/dEqIrTJOqjM" title="FARGʻONA: Yosh chavandozlarga – Toychoq!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

–Ўйинчоқ шу қадар оммалашдики, ҳозирга келиб маҳсулотларимизни қўшни Қирғизистон, Қозоғистон Республикаларига ҳам экспорт қилаяпмиз, – дейди Маҳфуза Комилова.

Муҳаммаджон ОБИДОВ, Элёр ОЛИМОВ (видео), ЎзА