Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона водийсида намозгоҳ усулида қурилган ягона меъморий обида
09:55 / 2022-04-11

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Аълохон Маҳдум” жоме масжиди Фарғона водийсида намозгоҳ усулида қурилган ягона меъморий обида бўлиб, ХVIII асрда шаҳар марказида бунёд этилган. Ҳозирги кунда дастлабки бинолардан фақат жоме хонақоҳи ва кириш дарвозахонаси сақланиб қолган.

1989-1993 йилларда хонақоҳ ва дарвозахоналарга тақаб уларни ўзаро боғлаб ёзги масжид ва ўқув хоналари барпо қилинган. Хонақоҳнинг шимолий томонига икки қаватли улкан замонавий масжид, баланд гумбазли ва айвонли биноси, шарқий томонига эса таҳоратхона қурилган. Масжид ҳовлисининг жануби-шарқий қисмида эса янгидан улкан пештоқ гумбазли замонавий дарвозахона, масжиднинг тўғрисида ўрта мактаб биноси жой олган.

[gallery-6569]

Масжид кўчасининг нариги бетида қадимги ер ости ҳаммоми борлиги бу ердаги масжиднинг ўрнида мадраса ва масжид бўлганлигидан далолат беради. Ҳаммом шу ерли халқнинг тили билан “Гунгалак” деб номланади ва тахминларга кўра, ХIII-ХVI асрларга тааллуқли. 

Қадимий масжид 28,6х10,8 метр ўлчамда ҳовлининг ғарбий қисмида тўғри бурчакли тархда хонақоҳли қилиб қурилган. Масжиднинг узунлиги 6,8 метр бўлган, ташқи поғонали гумбаз бурчакларидан чиқарилган равоқли қуббаларга қўндирилган. Бир-бирини кесиб ўтган тўрт меҳробий равоқлар гумбазидан ташкил топган конструктив бўлмалар ён қанотларига асос бўлиб хизмат қилади. Равоқларнинг ўзи алоҳида ёки девордан туташиб чиққан ғишт устунларига таянади. 

Масжид биноси ичининг асосий қисми оқ рангда бўлиб, новвотранг қилиб терилган ғишт рангидан устун туради. Бу билан меъмор хонақоҳ ичининг биринчи навбатда табиий ёритилишига эътибор берганлигини кўринади. Масжиднинг ички гумбазлари ганчкор ислимий гуллар билан безатилган. 

Жорий йил Рамазон ойи арафасида ушбу муаззам манзил тубдан таъмирдан чиқарилди.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ,ЎзА