Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фарғона водийси текстиль маҳсулотлари” биринчи форуми ўз ишини бошлади
10:59 / 2022-08-04

Фоторепортаж

Фарғона вилоят театр-концерт саройида “Фарғона водийси текстиль маҳсулотлари” биринчи форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, 50 нафардан зиёд россиялик ишбилармонлар ва импортёрлардан иборат делегация аъзолари, вилоятдаги текстиль корхоналари раҳбарлари, банк ходимлари қатнашди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо котибияти мудири Азимжон Юлдашев 2 минг 100 дан ортиқ текстиль корхонаси фаолият олиб бораётган Фарғонада 130 дан ортиқ Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси борлигини таъкидлади. Форумнинг ташкил этилиши текстиль йўналишида ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини билдириб ўтди. 

Анжуманда тадбиркорлар ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбир икки давлат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларнинг йўлга қўйилишида ўзига хос кўприк бўлишига ишонч билдирилди.

[gallery-8147]

Очиқ мулоқот давомида текстил маҳсулотларини экспорт қилишда белгиланган тартиблар, божхона талаблари, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари, юкларни транспортда ташиш жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Шундан сўнг меҳмонлар вилоятдаги текстил корхоналари томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Куннинг иккинчи яримида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B шаклдаги музокаралар ўтказилди. Бундан ташқари Марғилон шаҳридаги ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ёдгорлик” мажмуаси кўздан кечирилди. 

Тадбирнинг кейинги кунларида эса ишбилармонлар шаҳар-туманларда фаолият олиб бораётган текстиль корхоналаридаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишади. Тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари белгиланади.

Келгусида “Фарғона водийси текстиль маҳсулотлари” биринчи форуми тажрибасидан келиб чиқиб, дунёнинг кўплаб давлатлари, хусусан, Европа давлатлари сармоядорлари ва фарғоналик ишбилармонлар ўртасида ҳам форумлар ташкил этиш ва тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА