English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона водийси қўшимча электр ва иссиқлик энергияси билан таъминланади
19:50 / 2020-11-27

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Иссиқлик электр станциялари”АЖ томонидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил охирига қадар замонавий технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш эвазига тизимдаги энергосамарадор замонавий қурилмаларнинг улуши 30,8 фоизга етади. Шунингдек, 2030 йилгача иссиқлик электр станцияларининг маълум қисми томонидан 70 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунга кўра, уни ишлаб чиқаришга табиий газ ҳозиргига нисбатан кам сарфланади.

– Aйни пайтда мамлакатимиз энергетика саноатини ривожлантиришнинг янги босқичида, – деди “Иссиқлик электр станциялари”АЖ раисининг инвестициялар бўйича ўринбосари Файзулла Шоисматов. – Хусусан, замонавий, юқори самарали энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш босқичида. Сўнгги йилларда биз дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатлари, жумладан, Япония, Aмерика ва Европанинг энергетика соҳасидаги йирик компаниялари тажрибасини ўрганиб чиқдик. Шу аснода мамлакатимизда энг янги, энергия самарадор технологияларни жорий этишга фаол равишда киришдик ва шуни таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатларда 1 киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқишда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизнинг Қорақум ва Қизилқум кенгликларида жойлашган Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳозирги пайтда кунига 10 миллион киловатт электр энергияси ҳосил қилмоқда. Бу олтмиш йил олдин ишга тушган дастлабки агрегатнинг бир йиллик иш ҳажмига тенг. Асосий манбаи табиий газ бўлган улкан корхона Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлаб келади.

Мазкур корхона сингари тежамкорлик ва самарадорликка доир мисолларни “Тўрақўрғон”, “Толлимаржон” ИЭСлари ва Фарғона электр иссиқлик марказида олиб борилаётган лойиҳалар мисолида ҳам келтириш мумкин.

Шу кунларда “Фарғона ИЭМ” АЖ ҳудудида 17 мегаватт қувватли юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини жорий этиш инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу янги қурилмани йил якунига қадар фойдаланишга топшириш қиш мавсумида Фарғона водийси халқини қўшимча электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш Фарғона водийси ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларининг ошишига олиб келади ва корхонага ҳар йили қўшимча 197,24 миллион киловатт соат электр энергияси, 214,5 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, 3,2 миллион кубометр газни иқтисод қилиш ҳамда 125 та янги иш ўрни яратиш имкониятини беради.

Гулноза Бобоева, ЎзА