Фарғона вилоятидаги 1203 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари давом этмоқда. Қайд этилишича вилоятда ушбу сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилди. Вилоятда ташкил этилган 1203 та сайлов участкасининг ҳаммаси Сайлов кодексида белгиланган талаблар асосида жиҳозланди ва тўлалигича ушбу сиёсий жараённи ўтказишга тайёрланди.
Фарғона вилояти ҳар бир тумандан бир неча участка сайлов комиссияларидан сайлов жараёнлари тўғридан-тўғри Марказий сайлов комиссияси “saylov 2021.uz” портали ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон – 24” телеканаллари орқали онлайн трансляция қилинмоқда.
Барча сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сайловчи ва комиссия аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Вилоятда ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этувчи 2 миллион 284 минг нафардан зиёд аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу сайловчиларнинг 724 562 нафарини ёки умумий сайловчиларнинг 31,7 фоизини ёшлар, 1104409 нафарини ёки 48,34 фоизини эркаклар, 1180110 нафарини ёки 51.66 фоизини аёллар ташкил қилади.
14 октябрдан 20 октябрнинг охиригача вилоятнинг очик ва ёпиқ сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Унда жами 78 минг 892 нафар ҳамюртларимиз муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.
Бугунги сайлов ҳам халқимизнинг юқори даражадаги фаоллигида ўтмоқда. Соат 15:00 ҳолатига вилоятдаги сайловчиларнинг 1 510 515 нафари ёки вилоятдаги умумий сайловчиларнинг 66,1 фоизи овоз беришда иштирок этди. Сайлов жараёнларини маҳаллий ва хорижий ОАВ, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан ташқари халқаро кузатувчилар ҳам кузатиб бормоқда.
Ҳозирча окрукка сайлов жараёнларида қонун бузулиши ҳақида маълумот ё шикоят келиб тушмади.
М. Сулаймонов, ЎзА