Фарғоналик пиллакорлар учун қувончли кунлар бошланди. Пилла ҳосилини теришга киришдилар. Масалан, Ёзёвон туманидаги моҳир пиллакор Раҳмоновлар оиласи анъанага кўра, бу мавсумни биринчи бўлиб бошлаб бердилар.
– Ҳар йили 18-20 кун деганда кўмамиз. Туманда биринчи бўлиб пилла топшириб, режаларни бажарамиз, –дейди хонадон соҳиби Азимжон Раҳмонов. – Ўтган йили 7 қути уруғдан 430 кило пилла топширдик. Даромадимиз 8 ярим миллион сўмдан ошди. Бу йил эса 60 грамм уруғ олгандик. Ҳосилимиз мўл 200 килограммдан ортиқ пилла топширамиз.
Азимжон ота ва Суйдихон ая хонадонига қўни-қўшнилар ёрдамга чиқишди. Ҳаммалари ҳамжиҳатликда пиллаларни пешма-пеш тердилар. Суйдихон аянинг ёшини айтмайлик. Ўғил-келинлари ҳам аллақачон набирали бўлишган. Лекин оила бошлиқлари измидан чиқишмайди.
–4 та ўғлим, 4 та келиним бор. Уларнинг ҳаммаси дадасининг гапидан чиқмайди,– дейди моҳир пиллакор Суйдихон Раҳмонова. –Пилла боқишимиз учун вақтида барг кесиб таъминлаб туришди.
2022 йилда Фарғона вилояти пахта, ғалла ва пилладан олган ҳосилдорлик мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич деб тан олинган. Бу йил ҳам ундан кам бўлмайди, дейди пиллакорлар.
–Жорий йилда 41 187 қути ипак уруғи парваришланиб, 2389 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда, - дейди Фарғона вилоят “Агро пилла” МЧЖ бош агрономи Фарруҳ Мамадалиев. –Биз 2017 йилдан буён 4 мавсумда ипак қурти боқишни йўлга қўйганмиз. Ҳозир биринчи мавсум якунланиб шу кунларда иккинчи мавсум бошланади.
Вилоятда 2017 йилдан буён пилла уруғи импорт қилинмайди. Маҳаллий навлар серҳосил чиқиб қолган. Фақат тутзорлар ташкил этишда Ветнам услубини қўлладилар. 3700 гектар тутзорлар бўлиб, пудратчиларга ўн сотихдан бўлиб берилди. Уларга катта имтиёзлар яратилган. Ер солиғини тўламайдилар. Оралиқ экинлари ҳам солиққа тортилмайди. Агар улар пилла қурти боқсалар бир йил иш стажи ҳисобланади. 2022 йилда 97 минг ишсиз ипак қурти боқиш орқали шу йўл билан бандлиги таъминланди.
–Вилоятимизда 5 та пиллачилик кластерлари фаолият кўрсатяпти, - дейди Фаррух Мамадалиев. –Улар пиллани боқиш учун зарур ашё ва анжомлар билан таъминлайди ҳамда хосилни қабул қилаётганда тарози бошида пулини тўлайди.
Рахмоновлар хонадонидаги пиллани нави ҳам ҳосил сифати ҳам юқори баҳоланди. Эртакилиги эса хонадон соҳибларининг сири.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3o_W68Y5-V8" title="Фарғона вилоятида пилла териш бошланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов