Фарғона вилоятида 95 минг 720 гектар майдонда бошоқли дон экилиб, барча агротехник талаблар асосида парваришланди. Мўл ҳосил олишни кўзлаган фермер хўжаликлари ғалла ўрим-йиғим мавсумини бошлади.
Қувасой шаҳри ва барча туманларда 340 ўрим отрядлари ташкил этилиб, уларга 340 дона юқори унумли дон ўриш комбайнлари, 1 минг 825 дона дон ташиш техникалари, 153 кўчма устахоналар ва 173 дона ёқилғи ташиш техникалари бириктирилди. Шунингдек, барча туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоят бўйича ҳар бир гектардан ўртача 80 центнердан, 765 минг тонна бошоқли дон ҳосилини йиғиштириб олиш режалаштирилган.


Ёзёвон туманида ғалла ўрим-йиғим мавсуми бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Дастлаб “Хонобод ғалабаси” фермер хўжалиги дала майдонида пишиб етилган бошоқли дон ҳосили кўздан кечирилди. Ғалла дала майдонида туманлар секторлари раҳбарлари, отрядлар бошлиқлари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари, нуронийлар иштирокида мавсум олдидан ҳосилга барака тилаб, дуолар қилинди.
“Фарғона дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига қарашли Ёзёвон дон қабул қилиш шохобчасида етиштирилган ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олишга бағишланган кўргазмали вилоят семинари ҳам ташкил этилди.


Бу ерда мавсумда фойдаланиладиган техникалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров жорий йилда миришкор деҳқонларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига мўл ғалла ҳосили етиштирилгани, олдинда муҳим ва масъулиятли жараён – ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш вазифаси турганини қайд этди. Мавсумга ҳудудларда пухта тайёргарлик кўрилди. Ўрим-йиғим иштирокчиларининг моддий манфаатдорликлари алоҳида эътиборга олиниб, отряд бошлиқлари, механизаторлар ва ҳайдовчиларга пул маблағлари берилди. Шунингдек, комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғимнинг бошқа иштирокчиларининг унумли ва баракали ишлашлари учун қулай шароит яратилмоқда.

Энг асосийси, уруғлик сифатига муҳим аҳамият қаратилади. Яна бир муҳим жиҳат, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экишни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.
М.Сулаймонов, ЎзА