Фарғона вилояти Ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сайлов участкаларини тузиш, уларнинг тартиб рақамини, чегараларини ва манзилини кўрсатган ҳолда эълон қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилишни ҳудудий сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев бошқарди.
Маълумки, Сайлов кодексининг 20-моддасида ҳудудий сайлов комиссиясига сайлов участкаларини тузиш, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилиш, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор этиш ваколати юклатилган.
Сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан беш йил муддатга, сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади.
Жорий йилнинг 16-17 август кунлари туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан сайлов участкаларини тузиш, уларнинг тартиб рақамини, чегараларини ва манзилини кўрсатган ҳолда эълон қилиш тўғрисидаги тақдимномалар “E-saylov” ахборот тизими орқали келиб тушди. Ҳудудий сайлов комиссиясида мурожаатлар рўйхатга олинди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлов бўйича сайлов участкаларига оид ҳужжатлар ўрганиб чиқилди.
[gallery-18841]
Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар ва сайлов участкаларини тузиш, уларнинг тартиб рақамини, чегараларини ва манзилини кўрсатган ҳолда эълон қилишга монелик кўрсатадиган ҳолатлар аниқланмади.
Шунга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси МСКнинг жорий йил 5 июндаги қарори билан тасдиқланган “Сайлов округлари ва участкаларини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан Фарғона вилояти Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан 1 минг 210 та сайлов участкасини тузиш, уларнинг тартиб рақамини, чегараларини ва манзилини кўрсатган ҳолда эълон қилиш бўйича қарор қабул қилинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА