Ёзёвон туманида муқобил энергия манбаларини жорий этиш борасида дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилиб, лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ёзёвонсойга қуриладиган қиймати бир миллион доллар, қуввати бир мегаватт бўлган мини ГЭС “Сув насос таъмир" масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилади. Мини ГЭС қурилиши тез кунда бошланади ва шу йилнинг тўртинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
***
Бағдод туманининг "Мурувват" маҳалла фуқаролар йиғинида 650 та хонадон мавжуд ва уларнинг ҳеч бирига шу вақтга қадар ичимлик суви тармоқлари кириб бормаган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарорига мувофиқ, айни кунларда ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишлар давом этмоқда. Бунинг учун 3 миллиард 535,8 миллиард 535,8 миллион сўм маблағ ажратилган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктамжон Ғаниевнинг айтишича, лойиҳада ҳудуддаги Кенагас, Халоскор, Афросиёб ва Кўркам водий кўчалари бўйлаб 6 километр тармоқ тортиш, 2 та сув қудуғи қазиш ва 2 та сув минораси ўрнатиш кўзда тутилган. Лойиҳада белгиланган ишлар тўлиқ якунлангач, одамларнинг 5 чақирим наридан челаклаб сув ташиши бартараф этилади.
***
Марғилон шаҳридаги “Наврўз”, “Янги обод”, “Надирмат” маҳалла фуқаролар йиғинларида пойабзал тармоғини янада ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Матонат Файз барака” хусусий корхонаси аёллар ва болалар пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Тадбиркор Воҳиджон Мирзаев жорий йил 1-чорак якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилаётган 5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 20 хил турдаги 500-600 минг жуфт мавсумий пойабзаллар ишлаб чиқарилади. Корхона ишга тушгач 300 нафар маҳаллий аҳоли иш билан банд қилинади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан суҳбатда бўлган тадбиркор бинони электрлаштиришда қуёш панелларидан ҳам фойдаланиш кўзда тутилганини айтиб ўтди. Шунингдек, табиий газ ва сув масаласи бўйича юзага келаётган камчиликларни бартараф этишга кўмак сўради.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатига эътибор қаратиш лозимлигини қайд этган вилоят ҳокими тадбиркор ўртага ташлаган масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклади. Шундан сўнг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Ҳамдамов Тоҳир Баҳодирович” хусусий корхонаси томонидан махсус пойабзал ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси билан танишилди. 3 миллиард сўм маблағ ҳисобига қад ростлаётган бинони ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун алоҳида жой сифатида ташкил қилинаётганлиги ва Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши маълум қилинди.
М.Сулаймонов,
ЎзА