Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона вилояти прокурори ёшлар билан учрашди
09:55 / 2021-01-22

Ишсиз ва эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали жамиятда ўз ўрнини топишларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш секторлар фаолиятининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мазкур вазифалар ижроси юзасидан Фарғона вилояти прокурори Улуғбек Қосимов Данғара туманида бўлиб, сектор раҳбарлари ва масъуллар иштирокида ўтказилган навбатдаги тадбирда тумандаги ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди ва масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Муҳокамалардан сўнг ёшларга ва тарбияланувчиларга етарли шарт-шароит яратилмаган тумандаги 17-сонли умумтаълим мактаби, 1, 4-сонли мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Шунингдек, вилоят прокурори туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларда яшовчи ёшлар ҳамда ёш тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифлари эшитилди.

Учрашувда ишга кириш, тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратиш, электр таъминоти ва бошқа масалаларга доир 47 та мурожаат қабул қилиниб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 40 таси ҳал этилди.

Масалан, мурожаатлар асосида 23 нафар ишсиз ёшнинг меҳнат бандлиги таъминланди.

Вилоят прокурори томонидан туманнинг “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш турган 24 гектар ер майдонини кичик саноат зонаси сифатида ажратиш орқали янги ҳамда ёшлар иштирокидаги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича таклиф билдирилди. Ушбу масала ҳозирда вилоят ҳокимлигининг сессиясида тасдиқланди.

Шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга 10 сотихдан ер майдонлари ажратиш юзасидан 50 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилиб, ер майдонлари ўлчаб берилмоқда.

Ёшларга мотивация берган учрашувлардан бири туман маданият марказида ташкил этилди. Машҳур спортчилар билан суҳбат ёшларга янги марраларни забт этиш учун катта куч бахш этди.

М.Сулаймонов, ЎзА