French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона вилояти: пиллачилик тармоғи истиқболлари
12:28 / 2022-12-29

Қум зарраларидек уруғ-тухумлардан ипак қуртининг жонланиб чиқиши, тут баргини истеъмол қилгач, кун келиб оппоқ пилла ўраши-ю, бу хом ашёдан минг тусда товланувчи атлас, адрас каби матолар тўқилиб, аёллар ҳуснига ҳусн қўшиши мўъжиза эмасми?

Махсус лабораторияда миллионлаб ипак қурти уруғи бирма-бир микроскопда текширилиб, навларга ажратилиши, пиллани қайта ишлаш, ундан тола ажратиб олинишини кўрганмисиз? Фарғона вилояти “Агро пилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида журналист ва блогерлар шу каби қизиқарли жараёнлар гувоҳи бўлишди.  

–Вилоятда 6 та пиллачилик кластери ташкил этилган бўлиб, туманлар “Нурли тонг силк”, “Beshariq ipagi”, “Dang‘ara ipagi”, “Silk world business”, “Uchko‘prik ipagi” масъулияти чекланган жамияти, “Водил ипак йигирув”  шўъба корхонасига бириктирилган, – дейди вилоят “Агро пилла” масъулияти чекланган жамияти бошқарув раиси Мақсуджон Қосимов. – Йил сайин ипак қурти етиштириш, хом ашёни қайта ишлашга замонавий техника ва технологияларни татбиқ этяпмиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга доимий даромад манбаини шакллантириш мақсадида касаначилик асосида ишлашга ўтяпмиз. 2022 йилда 97 минг нафардан ортиқ ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган бўлса, ушбу кўрсаткични 2023 йилда 100 мингдан ортиши кўзда тутилган. Вилоятдаги мавжуд 3 минг 692 гектар майдондаги тутзорлар 14 минг 771 нафар ахолига 4 мавсум ипак курти боқиб, пилла етиштириш билан бандлигини таъминлаш, шунингдек, тутзор катор орасидан иккиламчи фойдаланиш орқали даромадларини янада ошириш учун оилавий пудрат шартномаси асосида 10-30 сотихдан бириктириб берилмоқда.  

[gallery-10116]

Унинг айтишича, вилоятда парваришланадиган ипак қурти уруғлари 2017 йилдан буён тўлиқ вилоятдаги “Фарғона тут ипак қурти уруғчилик корхонаси” ва “Марғилон муқобил ипак қурти уруғчилик” масъулияти чекланган жамиятларида тайёрланади. Ушбу корхоналарда жорий йилда жами 60 минг қути ипак қурти тайёрланиши режалаштирилган, ҳозирда ипак қуртлари тўлиқ тайёрланиб назоратдан ўтказилмоқда. Асосан ипак қуртларининг наслли зотлари “Фарғона пилла наслчилик” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланади. Бу ўз навбатида хориждан ипак қурти уруғи импортига чек қўймоқда. Бундан ташқари, озуқа базасини мустаҳкамлаш учун кам сув талаб қилувчи ва серҳосил тут навларини оммалаштиришга эътибор қаратиляпти. 

Пресс-тур қатнашчилари ипак қурти уруғини саралашдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи кузатдилар. Жумладан, “Нурли тонг силк” масъулияти чекланган жамиятида хом пиллани саралаш, навларга ажратиш, қайноқ сувга солиб, тола ажратиб олиш каби бир неча жараён гувоҳи бўлишди. Корхонада айни пайтда 120 нафар ишчи фаолият олиб боради. Ипак маҳсулотлар Ҳиндистон, Вьетнам, Россия каби давлатларга экспорт қилинади. Жорий йилда 3 миллион доллар ҳажмда экспорт амалга оширилди.  

Умуман, жорий йилда пиллачилик кластерлари томонидан қайта ишланган ипак хом ашёси 9 миллион 254 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди. Шунингдек, 2022 йилда вилоятдаги пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 249 тонна хом ипак, 154,9 тонна ипак момиғи, 536,5 минг погонометр ипак мато, 340 дона ипак гиламлари тўқилди.  

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган сурат