ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида ичимлик суви таъминоти ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасининг ҳолати Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ўрганилиб, жамоатчилик эшитувида муҳокама қилинди.
Ўрганишлар Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги партия депутатлари томонидан Қўқон шаҳри ҳамда Бешариқ, Бағдод, Бувайда, Данғара, Риштон, Ўзбекистон ва Фурқат туманларидаги умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилди. Унда ичимлик суви манбалари, уларнинг ишлаш барқарорлиги ва санитария инфратузилмаси ҳолати таҳлил қилинди.
Маълум қилинишича, вилоятда жами 955 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатиб, уларнинг 852 таси лойиҳа асосида қурилган, 103 таси эса мослаштирилган биноларда жойлашган. Шунингдек, 280 та мактаб марказий, 675 таси маҳаллий оқава сув тармоқларига уланган.
[gallery-27416]
Жамоатчилик эшитувида айрим мактабларда ичимлик суви таъминотидаги узилишлар ва техник носозликлар танқидий муҳокама қилинди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси томонидан 2025 йилда ўтказилган текширувлар натижасида 905 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилгани маълум қилинди.
Муҳокамалар давомида муаммоларни бартараф этиш, мактабларда доимий тоза ичимлик суви билан таъминлаш, жумладан, бинолар ичида сув куллерларини ўрнатиш бўйича таклифлар билдирилди.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар