Вилоятимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш йўлида жиддий қадам ташланди.
Хусусан, комплексимиздаги барча ташкилотларда коррупция деган иллатга муросасиз бўлиб, унга қарши кескин курашилади. Бугунги кунда капитал қурилишни коррупциясиз соҳага айлантириш борасидаги ишлар самарасида шаффофлик таъминланмоқда. Бир қатор тартиб-тамойиллар соддалаштирилиб, инсон омили камайтирилди. Бу билан тизимда коррупцияга бутунлай чек қўйиляпти, деб айта олмаймиз. Албатта, ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди.
Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Хожиқўзи Исақов коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтди. Унда мазкур комплекс таркибига кирувчи ташкилот ва бошқармаларнинг раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Кейинги йилларда вилоятда 190 дан ортиқ қурилиш-пудрат ташкилотлари ташкил этилди. Бундан ташқари 1 минг 780 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарида ҳамда уй-жойлар қурилишида вилоят аҳолисининг 70 минг нафардан зиёди қурилиш секторида банд бўлмоқда.
Вилоятда 2021 йилда 7 триллион 24 миллиард сўмлик қурилиш-пудрат ишлари бажарилди. Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини замонавий архитектурага мос равишда ўзгартириш, арзон уй-жойлар қуриш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Инвестиция дастурига мувофиқ 829,7 миллиард сўм маблағ доирасида жами 163 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида пудрат ташкилотлари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
Вилоятда уй-жой бозори фондини яратиш, аҳолини уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида 290 та кўп қаватли 9 минг 129 хонадонли уй-жойлар қурилди. Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 965,4 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 120 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Ҳозирда қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимда юзага келаётган коррупцион ҳолатлар ва уларнинг сабаблари чуқур таҳлил этилди. Амалга ошириладиган давлат харидларига кўзда тутилган давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш объектлари учун қурилиш-пудрат ташкилотларини аниқлашда татбиқ этиладиган давлат харидлари фақат “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг электрон тендер савдолари платформаси орқали ўтказилади. Объектлар қурилиши бўйича пудрат ташкилотларини танлашда инсон омили бўлмайди. Жумладан, харид комиссияси фаолияти бекор қилиниб, унинг функцияси электрон тендер платформаси томонидан автоматик равишда амалга оширилади.
Матбуот анжуманида шу борада амалга оширилаётган ишлар айтиб ўтилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Соҳада коррупцияни олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
М. Сулаймонов, ЎзА