Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона вилояти: 2022 йилда салмоқли ютуқларга эришилди
13:48 / 2022-12-29

Вақт бир зум тўхтаб турмайди, 2022 йил поёнига етмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бир йил давомида салмоқли натижаларга эришилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида янги лойиҳалар ишга туширилди, одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлида кўплаб муаммоларига ечим топилди. Асосийси бу ютуқларда ҳар бир фарғоналикнинг муносиб ҳиссаси бор.

Жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи  ҳудудий  маҳсулот  ҳажми  39,7  триллион сўмни ташкил этган бўлса, ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 12,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Йил якуни билан эса белгиланган режалар ортиғи билан бажарилмоқда.  

Туман ва шаҳарларда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Хусусан,  Ўзбекистон тумани “Шўрсув” ҳудудида истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, гипс асосидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи Германиянинг “Кнауф” компаниясининг янги корхонаси иш бошлади. Умумий лойиҳа қиймати 18,7 миллион евро бўлган ва йиллик 17 миллион квадрат метр гипскартон листлари ҳамда 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқариш қувватига эга завод модулли технология асосида 2,5 йилда қуриб битказилди. Натижада бу ерда 80 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ўндан ортиқ  корхоналар ишга туширилди.  

[gallery-10118]

Вилоятда ўзлаштирилаётган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсиш суръатларини ташкил қилиб, бу борада республикада 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Жорий йил январь-ноябрь ойларида ушбу кўрсаткич 626,4  миллион долларни ташкил этди. Дунёнинг энг нуфузли “S&P Global Rating” (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун “B+”, яъни “барқарор” даражасидаги кредит рейтинги берилгани ҳам катта эътироф бўлди.  

Вилоятда экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Январь-ноябрь ойларида 734,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Вилоят экспортёрлари томонидан 60 та хорижий давлатга 150 дан зиёд турдаги маҳсулотлар экспорт қилиниб, экспорт географияси Гондурас, Кипр, Гонгконг, Молдавия давлатлари ҳисобига кенгайгани қайд этилди. Қувонарли жиҳати, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида хорижга 289,3 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилиб, ҳудудлар орасида Фарғона вилояти биринчи ўринни эгаллади.  

Жорий йилда ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилди. Учкўприк туманида 15 гектар майдонда “Бобошбек” енгил саноат ва логистика маркази барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ундан 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси жой олган. Шунингдек, 2 та логистика маркази ташкил этилмоқда. Натижада Бобошбек, Бекмурод, Зиғир, Палохон ва Яккамулла каби маҳаллалардаги юзлаб тадбиркорларга замонавий қулайлик яратилди. Мажмуада йилига 876 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик экспорт қилиниши режалаштирилган. 7 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиши кўзда тутилган. Бувайда туманида эса мебелчилик мажмуаси иш бошлади.  

Аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 538 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги кунда Фарғона шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази, Фарғона, Қува, Ўзбекистон ва Бувайда туманларида жойлашган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Айни пайтда 20 га яқин масканлар фаолияти юритмоқда. Марғилон шаҳрида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун мўлжалланган қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни таёрлаш маркази ташкил этилди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида Корея Республикаси ҳукуматининг грант маблағлари асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунарга ўқитишга мўлжалланган “Ишсиз фуқаролларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази” очилди. Ушбу марказда 5 та йўналиш бўйича (электр менежменти, автомабилсозлик, ахборот технологиялари, косметология ва тикувчилик) ўқув курслари ташкил этилди.  

Фарғона шаҳридаги экошаҳар ва Фарғона, Ёзёвон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этиш ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, вилоят марказида 300 гектарлик майдонда барпо этилаётган экошаҳар барчани беҳад мамнун этмоқда. Президентимиз топшириғи асосида Жанубий Корея тажрибаси асосида мазкур шаҳарчанинг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ерда 7, 9, 12, 25-қаватли уйлар қад ростламоқда, қурилиш ишларига Жанубий Корея, Туркия давлатларининг компаниялари жалб этилмоқда. Ҳозирги кунда "Янги Ўзбекистон боғи" ҳамда кичик саноат зонаси ташкил этилди.  

Вилоятда инвестиция дастури асосида жорий  йилда  1  триллион  345,7 миллиард  сўмлик  261  та  объектларни қуриш ва таъмирлаш якунига етказилмоқда. Жорий йилда 230 таси фойдаланишга топширилди.  

2022 йилда аграр соҳада режали ишлар ташкил этилиб, 30,5 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 300 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда 37 минг та кўп иш ўрни яратишга эришилди.  

 

Маъсуджон Сулаймонов,  

М.Қодиров олган сурат