Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона ва Намангандаги айрим туман ва шаҳарлар чегараси ўзгариши мумкин
12:01 / 2022-08-29

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кўзда тутилган масалалар юзасидан қўмиталар мажлислари бўлиб ўтмоқда.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида «Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Фарғона вилояти шаҳар ва туманларининг чегараларида муаммоли масалалар мавжуд бўлиб, бу эса ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига турли ноқулайлик ва қийинчиликларни келиб чиқармоқда.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибидаги ҳудудларда яшовчи аҳолининг аксарият қисми шаҳарлардаги ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) муассасаларига қатнашига тўғри келмоқда.

[gallery-8560]

Шу билан бирга, муҳандислик-коммуникация тизимлари, яъни электр тармоқлари, табиий газ, ичимлик суви таъминоти корхоналари ҳам шаҳарлар ҳудудидан тортилган бўлиб, Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари таркибига ўтказилаётган ҳудудларга ушбу корхоналар томонидан хизмат кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарларида аҳоли жуда зич жойлашгани сабабли, шаҳарларни ривожлантириш, уларнинг ҳудудини янада кенгайтиришда муаммоли масалалар юзага келмоқда.

Дастлабки муҳокамалар жараёнида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон, Данғара, Учкўприк туманларидан жами 2,6 минг гектар ер майдони Қўқон шаҳри таркибига, Фарғона, Қўштепа, Тошлоқ туманларидан жами 1,1 минг гектар ер майдони Марғилон шаҳри таркибига, Фарғона туманидан 812 гектар ер майдони Фарғона шаҳри таркибига ўтказилиши кутилаётгани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, мажлисда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод тумани, шунингдек, Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Унда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан 472,2 гектар ер майдонини Наманган шаҳри Давлатобод тумани таркибига ўтказиш ва ўтказилган ер майдони ҳудудида «Янги Наманган шаҳарчаси» комплексини барпо этиш таклифи илгари сурилди.

Муҳокамалар жараёнида қайд этилганидек, барпо этилаётган шаҳарча ҳудудида турар-жой, ижтимоий объектлари, олий таълим муассасаси, бизнес-марказлар, кинотеатр, маданият маркази, меҳмонхона, IT парк, санъат галереяси ҳамда 68 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғини барпо этилади.

Сенаторлар, экспертлар, маҳаллий кенгаш депутатлари, котибият мудирлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Н.Абдураимова, ЎзА