English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона ва Жиззахда инвестиция дастурлари доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
15:22 / 2022-11-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона ва Жиззах вилояти ҳокимликлари масъул раҳбарлари иштирокида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг чет эл инвестициялари билан боғлиқ моддалари ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбири якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

— Мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев. — Зеро, инвестицияларни жалб этиш орқали иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш имконияти яратилади.  

Қўмита аъзолари томонидан назорат-таҳлил тадбири доирасида қонун ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Мазкур ўрганишлар давомида аниқландики, 2022 йил 1 октябрь ҳолатига Фарғона вилоятида давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 565 тани ташкил этади. Шундан 370 таси қўшма корхона, 195 таси хорижий корхоналардир. Уларнинг 30 таси қишлоқ хўжалиги, 299 таси саноат, 30 таси қурилиш, 127 таси савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида, 69 таси бошқа йўналишларда фаолият юритмоқда.  

Ушбу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар асосан Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Эрон, Қозоғистон давлатлари ҳамкорлигида ташкил этилган. Фарғона вилоятида амалга оширилаётган инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 2021 йилда жами 512 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. 2022 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 475,9 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга ўсган.    

Шунингдек, тадбирда Жиззах вилоятида олиб борилган ўрганишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2022 йил 1 октябрь ҳолатига Жиззах вилоятида давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 211 тани ташкил этади. Шундан 155 таси қўшма корхона, 56 таси хорижий корхоналардир. Мазкур корхоналарнинг 37 таси қишлоқ хўжалиги, 116 таси саноат, 12 таси қурилиш, 23 таси савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда 23 таси бошқа йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Ушбу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар асосан Туркия, Хитой, Россия, Англия, АҚШ, БАА давлатлари ҳамкорлигида ташкил этилган.  

Назорат-таҳлил тадбири давомида чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича амалий ишлар билан бирга бир қатор ечимини кутаётган муаммолар ҳам аниқланди. Депутатлар мазкур масалаларни бартараф қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, тегишли вазирлик ва идораларга, ҳокимликларга қатор таклифлар бердилар.  

   

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА