Қарор ва ижро
Ёзёвон чўлларини Марказий Фарғонанинг юраги дейиш мумкин. Бу ерда сув омбори, ўнлаб балиқчилик кўллари бор. Аслида улар сайёҳлар, айниқса, овчиликка қизиққан сайёҳлар учун энг қулай маскан. Чунки бепоён чўл, қум барханлари, улар ўртасида эса мўъжизавий кўл – сув омбори бор.

Президентнинг 2026 йил 12 январдаги "«Фарғона» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида туризмни ривожлантириш учун Ёзёвонда амалга оширилиши лозим бўлган вазифа қуйидагича белгиланган:
2026-2027 йилларда Ёзёвон тумани Марказий Фарғона сув омбори атрофидаги ер майдонларида туризм хизматларини ташкил қилиш орқали иш ўринлари яратилсин.
Сув омбори нафақат чўлларга, унинг ўзлашган далаларига ҳаёт бахш этади, бу ерда яна катта хазина – балиқчилик ривожланган. Аслида сув омбори атрофида ҳам ўнлаб балиқчилик фермер хўжаликлари бор. Уларда балиқ ови бошланди. Кўлларнинг суви чиқарилиб, ҳосил тарозига тушяпти. Ҳавзалар эса таъмирланиб, янги йил балиқчилигига тайёрланяпти.

Бу тасвирлар Ёзёвоннинг балиқчиликка ихтисослашган “Барака бўстон дурдонаси” фермер хўжалигида олинган. Унинг 102 гектар майдони бўлиб, ҳаммаси сув ҳавзаларидан иборат. 2023 йилда фермер хўжалиги интенсив усулда балиқ етиштирди.
–Ҳар бир гектар кўлдан 45-48 центнердан ҳосил кўтардик. Бу ерда аксарият лаққа – оқ балиқ, сазан, оқамур ва қора постра деган балиқларимиз бор, –дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Мирзаакбар Жумаев. –Муҳтарам Президентимиз бизга шундай имкониятлар бердики, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида интенсив усулда етиштирган балиқнинг ҳар бир тоннасига 1 миллион сўмдан субсидиялар ажратилди. Субсидиядан олинган пулларни балиқчилик кўлларимизни ривожлантириш учун сарф этяпмиз.

Ёзёвон туманида 87 та шу каби ихтисослашган балиқчилик фермер хўжаликлари бор. Улар 1100 гектарда парҳез маҳсулоти етказишяпти.
–Ҳар йили 50-60 тонна чавоқ етиштирамиз. Ундан 30-40 тоннаси ўзимизнинг кўлларимизга ташланса, қолган 15-20 тоннасини қўшни балиқчилик фермерларига етказиб берамиз.
Шундай қилиб, Марказий Фарғона чўлларида балиқчиликни ривожлантириш учун шароитлар етарли.

Дарвоқе, бу ерда туячилик хўжаликлари ҳам бор.
Туя сутидан даво излаб келувчилар сони эса кундан-кун кўпайиб бормоқда. Демак, бу ерда янги иш ўринлари яратиши имконияти ҳам мавжуд.
Ҳа, Президент қарори туфайли Ёзёвон туманидаги Марказий Фарғона ҳудудида яна минглаб янги иш ўринлари яратиладиган кунлар келди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dXuJdMHJI6A" title="Farg`ona turizmi: Markaziy Farg`ona" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА