Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона туманида қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси қурилади
20:04 / 2024-08-19

Малайзиянинг қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Sunview Group” компанияси вакилларидан иборат делегация Фарғона вилоятида бўлди.

Вилоят ҳокими билан учрашувда Фарғона туманида қурилиши режалаштирилаётган қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Маълумки, жорий йил 18 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокида йирик кооперация лойиҳаларини ишга туширишга старт берилган эди. Улар орасида ушбу лойиҳа ҳам бор эди.

Вилоятда қурилиши режалаштирилаётган қиймати 150 миллион долларлик лойиҳа Малайзиянинг қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компанияси – “Sunview Group” томонидан тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига давлат хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилади.

Ҳозирда инвестор компания ва Энергетика вазирлиги ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида ушбу лойиҳани амалга ошириш ва қуёш электр станция тариф нархлари келишилди. Лойиҳа учун Фарғона туманидан ер майдони танланиб, инвесторга техник ва иқтисодий жиҳатдан ўрганиш учун тақдим этилган. Қуёш электр станцияси қурилишини жорий йилнинг IV чорагида бошлаш режалаштирилган.

Учрашувда меҳмонлар “Global Textile” компаниялар гуруҳи раҳбари Музаффар Раззоқов билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берди. Шунингдек, улар ҳомийлик асосида эҳтиёжманд оила хонадонларида қуёш панеллари ўрнатиб бериш ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари, Малайзия ва Фарғона олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳалар бўйича ҳам фикр алмашилди. Малайзияда ҳамда Фарғонада икки ҳудуд ваколатхонасини очиш таклифи муҳокама этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири