Фарғона вилояти Фарғона тумани маҳаллаларида аҳоли томонидан малина етиштиришда катта тажриба тўпланган.
Бугунги кунда бу ерда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос ва аҳоли томорқаларида кенг тарқалган малина ўсимлиги етиштиришни янада ривожлантириш орқали туманни малина ўсимлигини етиштиришга ихтисослаштириш, малиначилик кооперациялари ва малиначилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошланди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманида бўлиб, малина плантациясини ташкил этиш бўйича режалаштирилган ишларга старт берди. Малина етиштиришга ихтисослашган маҳаллаларида бўлиб, хонадон эгалари билан малина етиштириш, унинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида мулоқот қилди.
Водил Қизилқўрғон массивида 300 гектар ҳудудда малина етиштириш лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Ушбу ҳудудда малина плантацияси ташкил этилиши учун кўзда тутилган ер майдонларининг геологиясини ҳамда агрокимёвий хоссаларини ўрганиш ишлари олиб борилиб, юқори ҳосилдорлик билан малина етиштиришга мослиги аниқланди.
Ҳудуддаги асосий муаммо суғориш масаласи бўлиб, буни вертикал суғориш қудуқлари қазиш ва насослар ўрнатиш орқали ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокими ўз фикрларини билдирди. Бунда ҳар бир қазилган вертикал суғориш қудуқларини (скважинани) бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 120 миллион сўмдан ошмаган қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан субсидия билан қоплаб берилади. Шунингдек вилоят раҳбарининг кўрсатмаси билан плантация ташкил этилиши режалаштирилган ҳудуд бўйлаб электр симёғочлари ўрнатилиб, кабеллаштирилиши таъминланадиган бўлди.
Вилоят ҳокими малиначилик плантацияси лойиҳасида йирик инвестициялар билан иштирок этиш истагида бўлган тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Мева-сабзавот етиштириш ҳамда қайта ишлаш соҳасида катта тажрибага эга тадбиркор Орифжон Жумаев 100 гектар майдонда малиначилик кластери ташкил этиш бўйича ўз лойиҳаси юзасидан маълумот берди. Бунинг учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 6-7 миллион доллар маблағ йўналтиришга тайёр эканини қайд этган тадбиркор, малина етиштириш, уни сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспортга жўнатишни ўз ичига олган тизимни шакллантириш истагида эканини маълум қилди.
40 гектар майдонда умумий қиймати 20,9 миллиард сўм бўлган малина етиштириш ҳамда қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш лойиҳасини тақдим этган туркиялик тадбиркор Расим Качар малина етиштиришда маҳаллий навлар билан бирга Туркиянинг малина етиштиришга ихтисослашган Мерсин вилоятидан тикансиз кўчатлардан олиб келиш, уларни кейинчалик маҳаллийлаштириш, шунингдек малина етиштиришда анъанавий усуллардан воз кечган ҳолда 3 метр оралиқларда малина қаторларини жойлаштириш бўйича ўз фикрларини билдирди. Бугунги кунда маҳаллий малина етиштирувчиларда ҳосилдорлик гектарига 5-8 тоннани ташкил этишини, замонавий агротехник усулларда бу рақамни 25 тоннагача етказиш мумкинлигини қайд этди.
Вилоят ҳокими ҳудудда мавжуд бўлган боғдорчилик хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқот чоғида самарасиз боғларни малиназорга айлантириш орқали даромадларни ошириш, субсидиялардан фойдаланган ҳолда скважиналар қазиш ҳамда томчилаб суғориш тизимини татбиқ этиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан тақдим этилаётган 7 фоизли мақсадли кредитларни олган ҳолда 5-25 тонна ҳажмдаги совуткичли сақлаш омборларини ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини берди. Боғдорчилик хўжаликларининг ихтисослашуви малиначиликка ўзгартириб берилиши маълум қилинди.
[gallery-4315]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА