Фарғона тумани Водил қишлоғи малинаси нафақат Фарғона вилоятида балки бутун водийда машҳур бўлиб, бу ерда яшовчиларнинг аксарияти малина етиштириш билан шуғулланади.
Йилига икки марта ҳосил олинса-да, унча кўзга ташланмайдиган бу шифобахш мева оилавий бизнеснинг мўъжизасидир.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров малина етиштириш кенг оммалашган ҳудудларидан бири – “Дилкушо” маҳалласида бўлиб, малиначиликни ривожлантириш имкониятлари билан танишди.

Бу ерда яшовчи аҳоли томорқалари малина ҳамда узумчиликка ихтисослашган бўлиб, оила бюджети учун сезиларли даромад манбасига айланган. Вилоят ҳокими ташриф буюрган хонадонлардан бири – Илҳомжон Йўлдошев ҳовлисида 10 сотих ерда узумзор барпо этилган бўлиб, остига малина экилган. Хонадон соҳиби ўтган йили узумдан 40 миллион сўм, малинадан 20 миллион сўм даромад олганини айтиб, бу йил ундан ҳам каттароқ даромадни кўзлаб турганини қайд этди.

Вилоят ҳокими “Дилкушо” маҳалласига туташ ҳудуддаги суғориш муаммоси бўлган, самарасиз ер майдонларини бориб кўздан кечирди. Ҳудуд иқлимининг малина етиштиришга мослигини ҳисобга олган ҳолда бу ердаги бўш майдонлардан 300 гектарида малина плантацияси барпо этиш, бунинг учун майдонларни тошлардан тозалаш, табиий ўғитлар билан озиқлантириш, тик қудуқлар қазиш ва насослар ўрнатиш бўйича топшириқ берди.
Ташкил этиладиган малина плантацияси 30 сотихдан 1000 та оилага бўлиб берилиши ва кооперация шаклида фаолият юритиши белгилаб берилди. Бунинг натижасида шунча оиланинг доимий бандлиги таъминланади, шунингдек ҳосил йиғиш даврида 3000 тадан зиёд мавсумий иш ўрни яратилади. Шунингдек, ҳудудда дастлабки босқичда музлаткичли мева сақлаш омбори иншо этиш бўйича ташаббускор сармоядор аниқланиб, етиштирилган ҳосилни йиғиб, экспортга йўналтириш чоралари кўрилади. Иккинчи босқичда малинани қайта ишлаш корхонаси ташкил этилиши режалаштирилди.

Малина етиштиришнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилган вилоят раҳбари ҳозирда малина етиштиришда ҳосилдорлик гектарига ўртача 10-12 тонна эканини, янги ташкил этиладиган плантацияда янада юқори ҳосилдорликка эришиш учун хорижий давлатлардан янги малина кўчатлари олиб келинишини йўлга қўйиш, малиначилик бўйича тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар белгилаб берди.
Янги плантация ташкил этилиши учун кўзда тутилган ер майдонларининг геологиясини ҳамда агрокимёвий хоссаларини ўрганиш бўйича ишга киришилди.

М. Сулаймонов, ЎзА