Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғона тумани ички ишлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди
16:50 / 2025-05-12

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январь кунидаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Сўнгги йилларда Фарғона вилоятида ҳам ички ишлар органларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, маънан эскирган биноларни капитал таъмирлаш, янги бино ва иншоотлар қуриш ишларига ҳам катта эътибор берилмоқда.

Мазкур ишларнинг амалий ифодаси сифатида Фарғона тумани ички ишлар бўлими учун янги бино қурилди ва тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азизбек Икрамов, шунингдек, соҳа фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар Президентимизнинг соҳага қаратган эътибори ва ғамхўрлиги натижасида биргина 2025 йилнинг ўзида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида республика ҳамда вилоят бюджетидан жами 31,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, манзилли тартибда йўналтирилаётгани эътироф этилди.

Ушбу кўркам бино ҳам ана шундай маблағлар ҳисобидан бунёд этилгани таъкидланиб, унда ходимлар узоқ йиллар давомида халқига ва Ватанига садоқат билан хизмат қилишига, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий натижалар қўлга киритишига ишонч билдирилди.

Шу ўринда замонавий бинонинг бунёд этилишида фидойилик кўрсатган барча қурувчиларга ҳам миннатдорчилик изҳор этилди.

Шу куни Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бўлим шахсий таркибига 1 та “Дамас” ва 2 та “Нива” русумли хизмат автомашиналари ҳам тантанали равишда топширилди.

“Замон қурилиш” МЧЖ  томонидан Фарғона тумани “Саноат” маҳалласида бунёд этилган ушбу маъмурий бино 2 қаватдан иборат бўлиб, назорат ўтиш жойи, фуқароларни қабул қилиш хонаси, 77 та хизмат хонаси, маърифат зали, автотураргоҳ, гараж, омборхона ҳамда саф майдонидан иборат. Бунёдкорлик ишлари билан бирга бўлим ҳудудига манзарали ва мевали кўчатлари ҳамда гуллар экилгани эса атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.

М.Сулаймонов, ЎзА